Менинг исмим Баҳром, ёшим 28 да. Тўғрисини айтсам, интернет орқали алданиб қолишга ишонмас эдим. Бобом ўқитувчи бўлганлар. Отам олий тоифали жарроҳ. Ўқимишли бўлишимни хоҳлаб, институтда ўқитганлар. Зиёлилар оиласида туғилиб камол топганим учун кўп нарсаларни билардим. Айниқса, инглиз, немис тиллари ҳамда компьютер билан боғлиқ янгиликлар, интернет титкилаш жону дилим эди. Кунларнинг бирида шахсий электрон почтамга хат келди. Қарасам, номаълум шахсдан. “Мусулмон киши билиши зарур бўлган амаллар” номли гуруҳга таклиф эълони экан. Уни қабул қилдим ва гуруҳ саҳифасини очиб, кўра бошладим. Унда исломий шеър­лар, ривоятлар ва ҳадислардан намуналар келтирилган эди. Бу ривоятлар одамни жуда ўзига тортар, ўқиган сайин ўқигим келаверарди. Икки ойлар чамаси ўқиб, ундан анчагина ибрат олдим, яхши хулқлар ўргандим. 
 
Бир куни ушбу гуруҳ аъзоларидан бири менга дўстлашишни таклиф қилиб қолди. Яшаш манзилига қарасам, чет давлат ёзилган. Кимлигига қизиқиб турганимда, блог эгасидан хабар келди. “Ассалому алайкум, мусулмон биродарим, яхшимисиз?”, деб ёзилган эди. Самимий саломни кўриб, дўстлигини қабул қилдим ва мулоқот қила бошладим. У ўзини Аҳрор, асли самарқандликман дея таништирди. У ҳозир Россия­да ишлаётганини, у ерда анча йиллардан бери яшашини, ҳозиргача жуда кўп дўстлар орттирганини, насиб қилса, фурсат келганда улар билан мени ҳам таништиришини айтди. Шу тариқа у билан хат ёзишиб, тезда иноқлашиб кетдик. У менинг виртуал ҳаётдаги энг яқин дўстларимдан бири эди.
 
Кунларнинг бирида у: “Россияда сизбоп яхши иш бор, иш ҳақи ҳам зўр, келиб ишлайсизми?”, деб сўраб қолди. Мен ота-онамнинг ёлғиз фарзанди эканимни, улар менинг узоқ юртга кетишимга мутлақо рози бўлмасликларини айтдим. Шунда синфдошларимдан бир нечаси Россияга бориб, ишлаб келишим керак, деб юрганлари эсимга тушиб қолди. Аҳрордан: "Яқин синфдош дўстларим бор, ўшаларни юборсам бўлмайдими?" деб сўрадим. Яхши, фақат сизнинг ҳурматингиз учун уларни ишга жойлаштириб қўяман, деди у. Шу тариқа мен 15 кун ичида синфдош дўстларим, қариндош-уруғлар ҳамда қўни-қўшнилардан сўраб, Россия­га бориб ишламоқчи бўлганлардан 23 нафарини йиғдим. Улар кетишга рози бўлишди. Бир ҳафта ўтиб ҳар бирига виртуал ҳаётдаги дўстим Аҳрорнинг телефон рақамини бериб, уларни жўнатиб юбордим. Улар Россияга етиб боришгани ҳақида Аҳрор ўз блоги орқали ёзиб, маълум қилди. 
 
Ўша кундан бошлаб, Аҳрор интернетга бошқа кирмади, телефони­ни ҳам ўчириб қўйди. Мен бўлсам юборган одамларимни ишга жойлаштириш билан овора бўлса керак, деб ўйладим. Жўнатган одамларимнинг ота-оналари бирма-бир келиб, фарзандларини қаерга юборганим, улар нега телефон қилмаётгани, хабар ҳам жўнатмаётгани тўғрисида мендан сўрай бош­лашди. Уларга нима дейишни билмасдим, интернетга кирсам, Аҳрордан ҳам ҳеч бир хабар йўқ. Шуларни ўйлаб, бошим қотиб турганда телефоним жиринглаб қолди. Қарасам, бегона, чет эл рақами дарҳол эшитдим. У Россияга юборган одамларимдан бири экан. Мен шошилиб уни “Нима бўлди?” “Қаердасизлар, нега хабар бермайсизлар?”, “Аҳрор қаерда?” каби саволларга кўмиб ташладим. У бўлса: “Сен ишониб бизни топширган дўстинг Аҳрор ҳаммамизни бир кишига сотиб юборди. У бизларни Сурияга боришга мажбур қилди. Мен ва Баҳодир бир амаллаб қочдик”, деди.
 
Биров бошимга гурзи билан ургандек бўлди. У телефонда яна нималар деганини эшитмай, ўзимни йўқотиб, ҳушдан кетибман. Ўзимга келганимда оёқ-қўлим ишламас, шифохонада эдим – кучли инсультни ўтказибман...
 
Ҳозир мени Аҳрорнинг шериги сифатида ҳибсга олишди. Айбим интернет орқали ўзим танимаган-билмаган бир қаллобга ишонганим бўлди. Ҳалигача менга ишониб, ишлаш учун чет элга кетган дўстларимнинг аҳволи нима кечганини билмайман...
 
Азиз ёшлар, шу ўринда бир нарсани айтиб ўтиш керакки, ғаламис кимсалар ўз мақсадига етиш йўлида таги пуч нарсаларни "донолик" билан сўзлаб, ёшларни ўз томонига оғдиради. Шунингдек, улар тушуниш қийин бўлган жумлаларни виқор билан гапириб, қофияли ибораларни келтиришга уринадилар. Шундай нобакор шахсларнинг алдовларидан доим огоҳ бўлиш керак.
 
"Интернетдаги таҳдидлардан ҳимоя" китобидан.