Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу) халифалик даврида минбарига чиқиб:
 
– Эй одамлар! Аёлларнинг маҳрини жуда ошириб юбордингиз-ку! Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ва у кишининг саҳобалари маҳрни тўрт юз дирҳамдан оширмас эдилар. Агар маҳрни зиёда қилиш Аллоҳга тақво ёки карамли иш бўлганида, улардан ўтиб кета олмас эдингиз. Ҳеч ким бир аёлнинг маҳрини тўрт юз дирҳамдан ортиқ қилганини билмайин! – деди.
 
Шунда қурайшлик бир аёл: 
 
– Эй мўминлар амири, одамларни аёлларнинг маҳрини тўрт юз дирҳамдан ортиқ қилишдан қайтардингми? – деди.
 
Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу): 
 
–  Ҳа, – деди. 
 
Аёл: 
 
– Аллоҳнинг Қуръонда туширган ҳукмини эшитмаганмидинг? – деди. 
 
Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу): 
 
У қандай ҳукм экан? – деб сўради. 
 
Шунда аёл: 
 
– Аллоҳнинг «...гарчи уюм-уюм молни (маҳр қилиб) берган бўлсангиз ҳам, ундан бирор нарсани қайтариб олмангиз..!» (Нисо, 20) деган оятини эшитмаганмисан?! –  деди.
 
Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу): 
 
– Раббим, Ўзинг кечир! Одамлар Умардан кўра фақиҳроқдирлар, – деди ва минбарга чиқиб:
 
– Эй одамлар, мен сизларга аёлларнинг маҳрини тўрт юз дирҳамдан ортиқ қилмасликни амр қилган эдим. Энди ким ўз молидан қанча хоҳласа, бераверсин. Умар хато қилди. Бу аёл  тўғри айтди, – деди.
 
Манбалар асосида Амударё тумани  
“Юсуф эшон бобо” жоме  масжиди имом-хатиби
Абдураҳмон МАТСАПОЕВ тайёрлади.