Оилада учта фарзандмиз – акам, мен ва синглим. Синглим туғилгач, бир йил ўтиб, ойим оғир хасталик сабаб оламдан ўтди. Ўшанда мен тўрт, акам эса олти ёшда эдик. Дадам ишга эрта кетиб, кеч қайтарди. Шунинг учун бизга бувим қараб турардилар. У киши ҳам анча кексайиб қолгандилар, ёш болаларга қараш, уй юмушлари бувимга оғирлик қилар эди.
 
Бир куни бувим отамга: 
 
– Мен кексайиб қолдим. Болаларингга яхши қарол­маяпман. Уларга она керак, уйлангин, – деб қолди. 
 
Отам аввал кўнмади. Бироқ бувим ҳам оёқ тираб туриб олгач, ноилож уйланди. 
 
Отам ишга кетганидан сўнг ўгай онам бизни қийнар, акам иккаламизга уй-рўзғор ишларини қилдирарди. Агар отамга айтгудек бўлсак, аямасдан калтаклашини айтарди. 
 
Шу зайлда қийинчиликлар остида яшай бошладик. Мактабга бордик, коллежда ўқидик. Бу орада ўгай онам бошимизга не-не кунларни солмади. 
 
Онамни йўқотганим, ҳаётимдаги қийинчиликлар... Кўнглим алланечук тушкунлик домида, инсонларга ишончсизлик исканжасида эди. Имкон қадар уйдан узоқда бўлишга ҳаракат қилардим. Шу сабабли коллежда ўқиб юрган кезларим таътилда ишлашга жазм қилдим. 
 
Бошқа ёшлар каби мен ҳам компьютер, телефон, интернетга қизиқардим. Ишлаб топган пулимни  интернет клубларига сарфлардим. 
 
Қўлимга кўп пул тушганида қимматбаҳо телефон сотиб олдим. Дарҳол интернетга уландим. Энди интернет клубларига боришимга ҳожат қолмаганди. Истаган вақтимда интернетга кириб, дўстларим билан гаплашишим мумкин эди. 
 
Ана шундай дўстларимдан бири ўзини Гўзал деб таништирган қиз эди. У қўшни вилоятда яшар, ёши 24 да экан. Бир ой интернетда гаплашганимиздан сўнг телефон рақамларимизни алмашдик. Энди унинг овозини ҳам эшита олардим. Шундан кейин Гўзал билан жуда яқин бўлиб кетдик. Мен ўгай онамнинг қилмишлари ҳақида гапирардим, у менга таскин-тасалли берарди. Уни учрашувга таклиф қилдим.
 
Аввалига Гўзал кўнмади, кўришайлик деяверганимдан кейин рози бўлди. Кечки пайт учрашишга келишиб олдик. Қўшни вилоятга бордим. У айтган жойда Гўзални кута бошладим. Ниҳоят, у келди. 
Унинг исми жисмига монанд экан. Мени ўзига мафтун этди. Бир кўришдаёқ севиб қолдим.  Сира иккиланмай унга кўнглимни очдим.
 
– Аҳдингиз қатъийми, йигит? – дея нозланди Гўзал.
 
Менга бефарқ эмаслигидан ғоят қувондим.
 
– Эртагаёқ уйингизга совчи юбораман, – дедим.
 
Бу ҳақда ота-онамга айтган эдим, дарҳол ўгай онам қаршилик билдирди:
 
– Ҳеч замонда акадан олдин ука уйланар эканми?!
 
– Майли, икковини бирга уйлантирамиз, қўш тўй қиламиз, – деди отам.
 
Отамнинг қистови билан совчиликка бориб келган ўгай онам норози оҳангда жириллади:
 
– Қиз ўғлингиздан анча катта экан, – деди.
 
– Атиги тўрт ёш, дедим жон ҳолатда.
 
Бирдан отамнинг жаҳли чиқди. Менга ғазабли нигоҳини қадаб:
 
– Тўй бўлмайди! – деди.  
 
Мен ҳам бўш келмадим. “Шу қизга уйланмасам, ўзимни-ўзим ўлдираман”, – деб дағдаға қилдим. Уйимизда бу можаро анча давом этди. Қариндош-уруғ ўртага тушиб, ахири отам тўйга рози бўлди.  Тез кунда тўйимиз бўлиб ўтди. Мен ниҳоятда бахтли эдим. Лекин бу қувончим узоққа чўзилмади. Тўйимизга бир ҳафта бўлмай, келинга  суддан чақириқ қоғози келди...
 
Аввалига англашилмовчилик бўлса керак, деб ўйладик. Эртасига судга борсак, ҳаммаси аён бўлди. 
 
Гўзал суюқоёқ. У тўрт йил чет элда бўлиб, фоҳишалик, қўшмачилик ва одам савдоси  каби жиноий ишларга қўл урган экан. Ўша куниёқ у ҳибсга олинди.
 
Бу оғир иснодни кўтаролмай отам юрак хуружидан вафот этди. Мен эса эл орасида шармандаи шармисор бўлдим. Интернет орқали бир енгилтак, жиноятчи аёл билан танишиб, бошимга шунча балоларни орттирдим. Билмайин босдим тиканни, энди азобини тортмоқдаман...
 
"Интернетдаги таҳдидлардан ҳимоя" китобидан.