Бир шаҳарда эр-хотин ёлғизгина гўдаги билан бахтиёр яшарди. Уларнинг вафодор ити бўлиб, сафарга борганда, овга чиққанида эгасига ҳамроҳлик қиларди. Шу сабаб бошлиғи итга оиласи аъзосидек қарарди. Ногаҳон оила бошига кулфат тушди – она оламдан ўтди.

Бундан қаттиқ изтиробга тушган киши чалғиш мақсадида овга чиқмоқчи бўлди. Лекин боласини кимга қолдиради? Ўйлаб-ўйлаб вафодор итига қолдиришга қарор қилди.

Овга борди-ю, аввалги завқни тополмади. Чунки доим ёнида юрадиган ити йўқлигидан, устига-устак боласини ит билан ёлғиз қолдирганидан кўнгли ғаш эди.

Уйига яқинлашганида ити югуриб чиқиб, вовуллай бошлади. Жониворнинг ҳаммаёғи қонга беланганди. Қўрқиб кетган киши шошганича уйига югурди, ўғлининг беланчагига қаради. Не кўз билан кўрсинки, фарзанди жойида йўқ, уйнинг ҳамма ёғи қонга беланган эди. Даҳшатга тушган ота шартта қиличини суғуриб, итни чопиб ташлади. Шу пайт боласининг овози эшитилди. Ота қўшни хонага югурди. Болакай соппа-соғ ўйнаб ўтирар, ундан уч-тўрт қадам нарида эса бўрига ўхшаш ҳайвоннинг ғажиб ташланган жасади ётарди. Вафодор ит болага ҳужум қилган ҳайвонни ўлдирган эди.

Киши шошганича қутқариш учун итининг ёнига югурди. Бироқ кеч бўлган эди. Шундан кейин у умрининг охиригача афсус-надоматда яшади...

“Бердисини айтгунча, уриб ўлдирма”, деган нақл бор халқимизда. Шошилиб, масаланинг туб моҳиятига етмасдан, дўстларимиз, яқинларимиз, қўл остимиздагилар қалбига озор беришдан сақланайлик. Зеро, шошиб чиқарилган нотўғри қарор бир умрлик пушаймонга сабаб бўлиши мумкин. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Босиқлик Аллоҳдан, шошилиш эса шайтондандир”, деганлар. Шайтон сўзига кириб, надоматда қолмайлик.

 

Абдурауф МАМАТҚУЛОВ,

Зомин туманидаги “Хўжа Рушнойи”

жоме масжиди имом-хатиби