Бир куни Фотима (розияллоҳу анҳо) бетоб бўлиб қолдилар. Кўнгиллари анор тусади. Бу ҳақда эрлари ҳазрат Алига (розияллоҳу анҳу) айтдилар. Ҳазрат Али (розияллоҳу анҳу) бозорга чиқиб, бир дона анор сотиб олдилар. Пуллари фақат биттагина анорга етар эди, холос.

Бозордан қайтаётганларида йўлда бир тиланчи учраб, қўлларидаги анорни сўраб қолди. Ҳазрат Али (розияллоҳу анҳу) анорни иккига бўлиб, ярмини ўша гадога бердилар. Тиланчи хурсанд бўлди. Уйга келиб, аёлларига анорнинг ярмини кимга берганларини айтдилар. Фотима (розияллоҳу анҳо):

– Аллоҳ сиздан рози бўлиб, ажр-мукофот берсин, – дедилар.

Орадан ҳеч фурсат ўтмаган ҳам эдики, эшик тақиллаб қолди. Ҳазрат Али (розияллоҳу анҳу) очиб қарасалар, эшик олдида Салмон Форсий (розияллоҳу анҳу) турибдилар. Қўлларидаги идишда ўн дона анор.

– Бу анорларни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бериб юбордилар, – дедилар Салмон Форсий.