Дуо олган болакай

Хурмо дарахти кўп хусусиятларга эга. Агар унга тош отсангиз, энг мазали мевасини ташлайди.

Рофе ибн Амр Ғифорий Исломнинг илк даврида ёш бола эди. У кўпчилик қатори қашшоқлик, муҳтожлик ва қийинчиликлар кўрди. Рофе очликдан қутулиш учун хурмо дарахтларига тош отиб, тўкилган мевалардан еб юрарди. Одамлар насиҳат қилар, лекин у бу гап-сўзларга эътибор бермасди. Бир куни уни тутиб, Расулуллоҳнинг ҳузурига олиб келишди.

Набий : “Нега хурмога тош отасан?” деб сўрадилар ундан. Рофе: “Ейиш учун”, деб жавоб берди. Шунда у зот : “Хурмога тош отма, чунки хурмо ҳам, дарахт ҳам эгасининг ҳақидир. Аммо жуда ҳам пишиб, ерга тушса ва уни ҳеч ким олмаса, оёқлар остида босилиб кетиши, қушлар еб битириши ё қуёш уриши хавфи бўлса, тўкилган хурмоларни ейишинг мумкин. Зеро, бу ўзганинг мулкига тажовуз қилиш бўлмайди”, дедилар. Сўнг меҳр ва шафқат билан унинг бошини силадилар ва: “Эй Раббим, унинг қорнини тўйдиргин ва тўйганини сездиргин ва таомларнинг ҳалолларидан ато этгин”, деб ҳаққига дуо қилдилар.

 

Умринг зиёда бўлсин

Умму Холид бинти Холид ибн Саъд ибн Ос бундай ҳикоя қилади: “Отам билан Расулуллоҳнинг ҳузурларига бордик. Эгнимдаги сариқ кўйлакни кўрган Пайғамбаримиз : “Ованраҳу, санраҳу”, дедилар. (Ҳабаш тилида: “Вой бунинг чиройлилигини, вой бунинг гўзаллигини”, деган маъно англатади. Умму Холид ҳабаш бўлгани учун Пайғамбаримиз шу тилда гапирдилар). Мен у зотга яқин бориб, икки елкалари орасидаги нубувват муҳрларига қўлимни текказиб, унга разм сола бошладим. Отам мени уришиб берди. Шунда Набий : “Қизчани ўз ҳолига қўй”, дедилар ва: “Кийимингни кийиб эскиртиргин, сўнгра бошқасини кийиб эскиртиргин, сўнгра эса яна бошқасини”, деб, умримнинг узун бўлишини сўраб, дуо қилдилар (Имом Бухорий ривояти).

 

Олдин тўйдир, сўнг насиҳат қил

Аббод ибн Шурайҳбил бундай ҳикоя қилади: “Мадинага келаётиб йўлимда учраган биринчи боққа кирдим. У ерга буғдой ва арпа экилган экан. Озроқ бошоқ териб, донини ажратиб едим. Сўнг кийимимга ҳам бир қанча бошоқни териб олдим. Шу пайт боғнинг эгаси кўриб қолди, югуриб келиб мени ура кетди. Бошоқлар билан бирга кийимимни ҳам тортиб олиб, ўзимни Расулуллоҳнинг ҳузурига етаклаб келди.

Набий боғ эгасига буғдой бошоқларини, менга эса кийимимни қайтариб бердилар. Кейин боғбонга оч болани жазолашдан олдин қорнини тўйғизиб, сўнг насиҳат қилиш кераклигини айтдилар. Пайғамбар мен ва Мадинага бирга келган амакиларимга ярим ҳуржун буғдой бердилар. Мен хурсанд бўлиб кетдим.

 

Ўринбосар Абдуллоҳ

Абдуллоҳ ибн Жаъфар Таййор бундай дейди: “Отам вафотидан уч кун ўтгач, Расулуллоҳ бизникига келдилар ва: “Бу кундан сўнг биродарим учун бошқа йиғламанглар, унинг болаларини чақиринглар”, дедилар. Кейин бизларни уйларига олиб кетдилар. Набий сартарошни чақиртирдилар. У келиб, сочларимизни олди. Сўнгра Пайғамбаримиз кулиб: “Муҳаммад амакимиз Абу Толибга ўхшайди. Абдуллоҳнинг хулқи ҳам, кўриниши ҳам менга ўхшайди”, дедилар. Сўнгра қўлимдан тутиб, маҳкам ушладилар-да: “Ё Аллоҳ, Абдуллоҳни Жаъфарнинг оиласига ўринбосар қилгин ва унинг қўлига барака бергин”, деб уч маротаба такрорладилар.

 

Юлдуз АСҚАР қизи тайёрлади.