Бир йигит тақдир тақозоси билан узоқ сафарга отланди. Йўлда ҳориб, бир катта дарахт соясида дам олиш учун ўтириб ухлаб қолди ва туш ҳам кўрди.

Тушида у катта йўлда бораётган эмиш, йўл четидаги бепоён далада кишилар буғдой экаётганмиш. Буғдой тезда етилар, улар ҳосилни йиғиб олиб, кейин ёқиб юборишаётган эмиш.

Бир одам катта тошни кўтаришга ҳаракат қилар, аммо уддалай олмасмиш. Бироқ устига бир тош қўшилса қийналмай кўтарар, учинчиси қўшилганда эса иши яна-да осонлашаётган эмиш.

Бир нечта киши қўйнинг устига миниб, югуртириб боришаётганмиш. Орқаларидан кўп одамлар чопишар, аммо етишолмасмиш...

Йигит уйғониб, тушини қандай таъбир қилишини билмай, хаёл билан катта бир шаҳарга кириб бораркан, унга биринчи учраган нуроний отахон бўлди. У кексаларга хос синовчанлик билан қаердан келаётгани ҳақида сўради. Йигит отахоннинг саволига жавоб берди ва тушида кўрган ғалати воқеаларни ҳам айтди, ҳикматини билмайсизми, деди. Отахон йигитнинг тушига шундай изоҳ берди:

– Далага экин экиб, йиғиб олган ҳосилини оловга отганлар яхшилик қилиб, кейин уни ҳамма жойда мақтаниб гапириб юрадиган одамларни ифодалайди. Тошга тош қўшиб кўтаргани сари иши енгил кечаётган киши эса шуни англатади: одамга илк қилган гуноҳи оғир келади. Аммо тавба қилмасдан яна бу йўлида давом этаверса, бориб-бориб гуноҳлар юкини ҳис қилмай қўяди. Қўй миниб олганларга келсак, унга минган – олимлар ва мўминлар. Югуриб етолмаганлар эса эътиқодсиз кишилардир.

 

Камолиддин ҳожи ЖАМИЛОВ,

меҳнат фахрийси, Сариосиё тумани