Уста Мирсобит ўғлига бир хил ўлчамли тахтачалар тайёрлашни буюриб, кимгадир шошилиб қўнғироқ қилди. Ниманидир таъмирлаш, бўяш учун зарур бўлган нарсалар ҳақида сўраган эди, гўшакдан жавоб бўлди:

– Неча марта айтай, уста ака? Яшил рангда! Айнан шу рангдаги соябон танланди, рухсат берилди, дедим-ку!

– Раҳмат, раҳмат, барака топинг, – дея телефонни ўчираркан, Мирсобит ака ҳайрон бўлди: биров билан адаштирмаяптимикин, мен бу ҳақда олдин қўнғироқ қилмовдим шекилли?

Уста ўғлини чақириб, бир боғлам пул узатди:

Энг сифатли, тоза яшил рангли бўёқ ва бекатлар устини ёпиш учун шу рангдаги зарур буюмлардан олиб кел.

Адажон, бунча тез? Буюртмачи катталарданми, а?

Ҳа, ўғлим, у жуда улуғ зот. Айтилганларни зудлик билан топ, ўғлим...

Ўғил бозордан тез қайтди. Яшил пластмассали ёпқич махсус буюртма билан тайёрланар экан, унга пул етмай қолибди.

Ота яна икки боғлам пул чиқарди. Шундан сўнг унинг барча айтганлари кечгача муҳайё бўлди. Ҳаммаси тайёр бўлганини кўриб, отанинг кўнгли жойига тушди ва ўғлига:

Бир оз дамингни ол, иш кийимларингни тайёрлаб қўй. Ярим кечада уйғотаман. Укангни ҳам ёрдамга олиб кетамиз. Кечаси билан ишлаймиз, – деди.

Уста оромкурсига ёнбошлаганича бу ишларга ундаган ўша мавъиза ҳақида ўйлади. Сал ҳушёрроқ бўлганида-ку, бу ишларни илгарироқ ҳам қилса бўларди. Бироқ бу сафар масжид имоми туртки берди.

Жума намози мавъизасида имом ҳалол йўл билан топилган мол-мулкдан Ҳақ йўлида эл-юрт учун холис, миннатсиз хайрли ишлар қилиш лозимлиги, ундан бу дунёда инсонлар баҳра олса, савоби қиёматгача шу одамга етиб туришини тушунтирган эди.

Мавъизани тинглар экан, устанинг бадани жимирлади, негадир ўзидан-ўзи хижолат торта бошлади. Кўз олдига ишхонаси ёнидаги “Лолазор” бекати келди. Зеро, бу ерда ўтирғичлар тахтаси йўқлигидан қариялар, хаста кишилар бетон йўлакда тик туриб, автобус кутишга мажбур бўлаётганларига уста ҳам неча бор гувоҳ бўлган. “Шу бекатни таъмирлаб қўйсак ёмон бўлмас экан”, деган фикр хаёлидан ҳам ўтганди. Аммо кунлик югур-югурлар билан бўлиб, эсидан чиқиб кетибди...

Мирсобит устанинг ўн беш йил олдин кичик бир чархи бор эди, холос.

Мустақиллик туфайли ҳунари борга кенг йўл очилди. Шу боис бугунги кунда тажрибали тадбиркорга айланди. Энди унинг замонавий ускуналар билан жиҳозланган устахонаси, фарзандлари ва маҳалла болалари орасида умидли шогирдлари бор. “Жигули”сини яқинда “Нексия”га алмаштирди. Оиласи тинч, уй-жойларида камчилик йўқ.

Бугун эса уста Мирсобит имом-хатиб ўгитига амал қилиб, тўкис ҳаёт шукронасига фарзандлари билан кечаси ишлаб, муборак ҳайит тонги отишига ҳамшаҳарларига ажойиб туҳфа ҳозирламоқчи...

У ана шундай ширин хаёллар билан уйқуга кетди. Уста уйғонганида соат миллари тунги ўн иккини кўрсатарди. У шошилганича ўрнидан туриб, ўғилларини чақирди. Буюртма берилган юк машинаси аллақачон келиб, кутиб турган экан. Унга чиқишиб, “Лолазор” бекатига етиб келишди. Аммо не кўз билан кўришсин, бекатдаги ўриндиқлар таъмирланган, резина ёпқичи ҳам янгиланган эди.

Бу савобталаб биродарларидан бирининг иши эканини дарҳол фаҳмлади.

Ота-бола усталар кейинги бекатга етиб келишди. Аммо буниси ҳам худди олдингисидек таъмирланган эди. Улар навбатдагисига шошилишди...

Хуллас, даҳадаги кетма-кет олти бекат тўла таъмирланиб, йўловчиларнинг ҳаваси келадиган даражага келтирилган эди.

Буни беминнат хизмат деса бўлади, – пичирлади уста, – мен нодон ниятимни ноғора қоқиб, ҳаммага довруқ қилдим, мана оқибати. Аслида, пулини нақд бериб, ҳеч кимга овоза қилмай, бошқа уста ёлласам ҳам бўларкан.

Ниҳоят, улар охирги – еттинчи бекатга ҳам етиб келишди. Хайрият, бекат таъмирталаб экан! Уста хонадони – ота-болалар енг шимариб, ишга киришди. Ниҳоят, бу бекат ҳам рисоладагидек бўлди. Усталар эркин нафас олганларича дастгоҳларини йиғиштиришди. Бир оздан сўнг бомдод азони эшитилди.

 

Рауф Раҳим БАХМАЛИЙ