Умму Сулайм ўғли Анаснинг Пайғамбаримизга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) хизмат қилишини, таълим олиб, динни ўрганишини истади. Ўша вақтларда Анас ўн ёшда эди. Умму Салайм Пайғамбаримизга (алайҳиссалом): “Бу менинг ёзув-чизувни биладиган ўғлим”, деди ва Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳақига дуо қилишларини сўради. У зот: “Аллоҳ, унинг молини ҳам, зурриётларини ҳам кўпайтиргин ва унга берган нарсаларингни баракали қилгин”, деб дуо қилдилар. Анас ўн йил Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) хизматида бўлди.

Анас айтади: Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўн йил хизмат қилдим, у зот менга ҳеч қачон “уф” демадилар, “Нима учун буни қилдинг?” ёки: “Нима учун буни қилмадинг?” деб танбеҳ бермадилар (Термизий ривояти). Бошқа бир ўринда эса бундай ҳикоя қилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) одамларнинг энг гўзал хулқлиси эдилар. Бир куни улар мени бир ишга буюрдилар. Мен эса “Аллоҳга қасам, бормайман”, дедим. Лекин ичимда жон-жон деб тургандим. Кейин йўлга чиқдим. Бозорда ўйнаб юрган болалар олдидан ўтатуриб, уларга қўшилиб кетдим. Бир пайт кимдир бўйнимга қўлларини қўйди. Қарасам, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) экан. У зот кулиб: “Эй Унайс, мен буюрган ишга бориб келгин”, дедилар. Мен: “Албатта бориб келаман, ё Расулуллоҳ”, дедим (Имом Муслим, Абу Довуд ривояти).

Анас ибн Молик узоқ умр кўрди ва саҳобалардан энг охирги бўлиб вафот этди. Муборак дуо баракотидан болалари ва набиралари юз нафардан ошиб кетди. Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) икки минг икки юздан ортиқ ҳадис ривоят қилди.

 

Юлдуз АСҚАР қизи тайёрлади.