Суфён ибн Уяйна Расулуллоҳни (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кўрмаган, аммо у зот ва саҳобалар ҳақида кўп эшитиб улғайган эди.

У асли куфалик бўлиб, бир куни каъбани тавоф этиш учун оиласи билан бирга Маккага келди. Ҳарамга етишгач, катталар “Ким юкларга қараб туради?” деб маслаҳатлашишди ва бу ишга кичик Суфённи танладилар. Ўзлари Каъбани зиёрат қилиб, намоз ўқигани кириб кетдилар. Суфён юкларни қўриқлаб ўтирган вақтида Хижоз уламоларидан бўлган бир шайхга кўзи тушди. Илм толиблари шайхни ўраб олган, бир нималар ҳақида сўрардилар. Шайх ҳам намоз ўқиш учун Ҳарамга кирмоқчи бўлди. Лекин эшагини ташқарида қаровсиз қолдириб кетолмасди. Шу пайт юклар ёнида ўтирган ёш болага кўзи тушди. “Манави эшакни ушлаб турсанг, намоз ўқиб олардим”, деди у.

Бола эса бундай шарт қўйди: “Менга Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳадисларидан айтиб берасиз”. “Сен ҳадисни нима қиласан?” деб сўради шайх. Суфён: “Ҳадис айтиб бермасангиз, эшагингизга қараб турмайман”, деб жавоб берди. Шайх ёдлаш қийин бўлган саккизта ҳадисни айтди, сўнг намозга кириб кетди. У намоздан чиққач болага: “Эй ўғилчам, мени намозга кечиктириб, ҳадис эшитганинг сенга нима фойда берди?” деб сўради. Суфён: “Мен уларни сизга айтиб бераман”, деди ва саккизта ҳадисни бир дона ҳарфини ҳам қолдирмасдан айтиб берди. Шайх боланинг зеҳнига қойил қолди. Чунки унда ҳадисларни ёзиб оладиган ҳеч нарса йўқ эди. Шайх севиниб: “Сенинг жойинг остонада эмас, балки илм ҳалқасидадир”, деди.

Шундай қилиб, Суфён ҳадисларни ўрганишга киришди. Йигирма уч ёшида Ҳарами шарифнинг муҳаддиси бўлди.

Кунларнинг бирида масжидга келган болага баъзилар беписанд қарашди. Суфён уларга: «Бундан олдин сизлар ҳам худди шундай эдингиз. Сўнг Аллоҳ сизларга саховат кўрсатди. Эй Назр, агар мени болалигимда кўрганингда эди... Бўйим беш қарич, юзим худди тангадек эдим. Кўйлагим кичкина, енгим калта, этагим сонимгача, оёқ кийимим сичқоннинг қулоқларидек эди. Шунга қарамай Зуҳрий, Амр ибн Динор каби уламолар мени ёнларига олишди. Остонадан кирганимда улар: “Кичик шайхга йўл беринглар”, деб айтишарди».