Бир одам хўжалик ташкил қилиш учун ер сотиб олди. Жойлашиб олгач, ўзига ёрдамчи қидира бошлади. Лекин барча талабгорлар жойни кўришлари билан норозилик билдириб: "Бу ер хавфли, бошқа жой топсангиз, яхши бўларди", дея маслаҳат беришарди. Ниҳоят ёши ўтган, озғин бир киши ишлашга рози бўлди. Хўжайин унинг ҳолини кўриб: "Хўжалик ишларидан хабаринг борми?" – деб сўрашдан ўзини тийиб туролмади. Янги ишчининг: "Озроқ хабарим бор. Бўрон бўлганида бемалол ухлайман", деган жавобидан ҳеч нарса уқмаса ҳам, уни ишга қабул қилди. Кунлар ўтгани сари, ниҳоятда тартиб билан хўжалик юритаётганини кўриб, ёрдамчисидан хурсанд бўлди, токи бўрон турган тунгача...

Ўша тунда ярим кечаси қасир-қусур овоздан уйғонган хўжа­йин, бақирганича ёрдамчининг хонаси томон шошилди: "Тур! Тур ўрнингдан! Ҳамма нарсани шамол учириб кетмасидан ҳаракатимизни қилайлик!" Ёрдамчи эса кўзларини ҳам очмасдан секингина деди: "Боринг, хўжа­йин, ётиб ухланг. Сизга айтганман-ку, бўрон бўлганида ҳам ухлайвераман, деб..."

Унинг хотиржамлигидан хўжайиннинг жазаваси тутди. Ёрдамчини-ку, эртага эрталабоқ ишдан ҳайдайди, лекин ҳозир бўронга қарши бирор чора топмаса бўлмасди. Шоша-пиша ташқарига чиқиб, илк кўзи тушган нарса бир жойга йиғилиб, сув ўтмас мато билан яхшилаб ўраб қўйилган сомон тўплари бўлди. Оғилхонага ўтди, бу ерда ҳам ҳамма нарса жойида – сигирлар ичкарига киритилиб, оғилнинг эшиги қаттиқ ёпиб қўйилган.

Кўнгли хотиржам тортган хўжайин уйқуга кетаркан: "Бундан буён бўрон бўлганида ҳам тинчгина ухлай оламан", деб қўйди.

 

ЗУМРАД тайёрлади.