“Боламни кўрсам бўладими?” деди она. Мурғак жигаргўшасининг юзини кўриш учун қўлига олар экан, олдин бағрига босиб, ҳидлади, сўнг йўргакни очиб юзига қаради ва бирдан нафаси бўғилди. Чақалоқнинг қулоқлари йўқ эди... Шифокорлар ота-онасига тасалли бериб, бу ҳол боланинг эшитиш қобилиятига унчалик таъсир қилмаслигини айтишди.

Орадан йиллар ўтди. Бола улғайиб, мактабда ўқий бошлади. Бир куни мактабдан келиб, ўзини онасининг бағрига отиб, йиғлаб юборди. Фарзандини илк бор бундай аҳволда кўрган она нима бўлганини тушуниб турса-да, сабабини сўради.

– Катта болалар мени “махлуқ” деб мазах қилишди...

Ўғли улғайгани сайин унинг одамлар орасига киришиб кетуви ота-онани ташвишга соларди. Онаси: “Болам, одамларга қўшилишинг керак” дер, аммо ич-ичидан ачиниш ҳисси уни қийнарди. Отаси шифокорларга учрашди. Агар қулоқ топилса, аъзони кўчириш йўли билан фарзандингизга ёрдам беришимиз мумкин, дейишди улар.

Ота-она қулоқларини бериши мумкин бўлган одамни қидира бошлашди. Орадан икки йилча вақт ўтди. Бир куни ота ўғлига қулоқларини берувчи инсонни топганини, лекин бу сирлигича қолиши хушхабарани айтди. Амалиёт яхши ўтди. Ўғил ҳамма қатори чиройли қиёфага эга бўлди, ўзгариш руҳиятини кўтарди. Ҳам ўқишда, ҳам ижтимоий ҳаётда ютуқларга эришди. Кейинчалик уйланди, обрўли инсон бўлиб етишди. Йиллар эса бир-бирини қувиб ўтаверди. Кунларнинг бирида ўғил отасига: “Неча йилдирки яхшилик қилган кишининг кимлигини мендан сир сақлаб келяпсиз, ахир, унга мен ҳам қўлимдан келганича яхшилик қилишим керак-ку”, деди. Дадаси вақти келиб айтишини таъкидлади...

Онаси вафот этган кун эди. Волидасининг бош тарафида ўтиришганида, отаси секингина марҳуманинг сочларини орқага сурди. Онасининг қулоқлари йўқ эди!..

Она фарзанди учун фидокорлик қилган эди. Фақатгина севги ва марҳамат каби оналик туйғулари билан ардоқлаш мумкин бўлган “қалбининг бир парчаси”га жисмининг бир парчасини ҳам берган эди...

Ирода ТЎЛАГАНОВА

тайёрлади.