Қадим замонда бир солиҳа ва гўзал қиз сов­чиларга турмуш ўртоғининг диёнатли, ҳар кун Қуръон хатм қиладиган, йил бўйи рўза тутадиган, тунги намозни қолдирмайдиган бўлишини шарт қилибди. Қизга уйланиш истагида бўлган йигитлар кўп эди, лекин улар унинг шартларини тў­лиқ бажара олмасликларини айтишибди.

Шунда бир йигит бу шартларни қабул қилибди. Тўй куниданоқ аёл эрини кузатишга киришибди. Кунлар ўтиб борар, лекин у куёвининг на Қуръон хатм қилганини, на рўза тутганини ва на тунги таҳажжуд намозини ўқиганини кўрмабди. Шунда аёл эридан оила қуришдан олдин қўйган шартларини бажаришни талаб қилиб, унга бир ҳафта муҳлат берибди. Агар унда шарт қилган ибодатларини кўрмаса, қозига шикоят қилишини айтибди. Эр рози бўлибди.

Ҳафта ўтиб ҳам ибодатдан дарак бўлмабди ва аёл қозига шикоят қилибди.

Йигит қозига жавоб бериб: "Мен ҳар куни Қуръон хатм қилишим, йил бўйи рўза тутишим ва кечалари намозда қоим бўлишим керак эди", дебди.

"Уларни бажардинг­ми?" деб сўрабди қози. Эр хотиржамлик билан: "Ҳа", деб жавоб қилибди.

Шунда қози: "Сен ёлғон гапиряпсан, аёлинг буларнинг бирортасини ҳам қилмаганингни айтди, шунинг учун сен билан ажрашмоқчи", деди. Лекин йигит ўз сўзида қаттиқ туриб, ибодатларнинг барчасини бажараётганини айт­ди.

Қози йигитдан исбот талабида: "Хўш, сен ҳар куни Қуръон хатм қилдингми?" деб сўради. Йигит: "Ҳа", деди.

Қози: "Қандай қилиб?" Йигит дадиллик билан: Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): "Ихлос сураси Қуръоннинг учдан бирига тенгдир", деган сўзларига амал қилиб, ушбу сурани бир кунда уч марта ўқийман, бу билан Қуръон хатм қилган савобини оламан", деб жавоб қилди. Қози сўрашда давом этди: "Қандай қилиб йил бўйи рўза тутасан?" Йигит Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): "Кимда ким Рамазон ойида рўза тутса ва унга Шаввол ойидан олти кун эргаштирса, бир йил рўза тутган савобини олади", деган сўзларига амал қилиб, Рамазон рўзасини канда қилмадим ва кетидан Шаввол ойида олти кун рўза тутдим", деб жавоб қилди.

Қози эътироз билдиролмади. Сўнг яна сўради: "Қандай қилиб кечалари ибодатда бўламан, деб айт­япсан, ваҳоланки, аёлинг сени фақат уйқуда кўрар экан?" Йигит яна ҳотиржамлик билан: "Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): "Кимки хуфтон ва бомдод намозларини жамоат билан ўқиса, гўёки у кечаларини Аллоҳ таолога ибодат қилиш билан ўтказган киши кабидир", дея марҳамат қилганлар. Мен ҳам хуфтон ва бомдод намозларини жамоат билан ўқийман", деб жавоб қилди.

Қози йигитнинг жавобидан ҳамда эътиқодидан ҳайратланди ва эр-хотинга қараб: "Боринглар, сизларнинг турмушингизда ҳеч қандай муаммо йўқ", деди.

 

Нилуфар ОРТИҚХЎЖАЕВА,

Тошкент ислом институти талабаси тайёрлади.