14 ноябр куни Москвада “Россия ва Ислом олами: МДҲ кенглигида модернизация йўналишлари” мавзуидаги VII форумида ва “Ислом оламининг ўзгариши: инқилоб ўрнига ислоҳот” мавзуидаги халқаро илмий-амалий анжуманда юртимиз вакиллари ҳам иштирок этишди.

15 ноябрь куни Нижний Новгород шаҳридаги Н. Лобачевский номидаги Нижегород давлат университетида “Мусулмон таълим жараёнларида миллий ва диний ранг-барангликнинг ривожланишининг муҳим вазифалари: Россия ва хорижий тажриба”  мавзуидаги илмий-амалий анжуманда Тошкент Ислом институти ректори Ҳайдархон Йўлдошхўжаев “Тошкент Ислом институтининг  исломий фанлар соҳасида юқори малакали мутахассисларни тайёрлашдаги аҳамияти”, Тошкент Ислом университети проректори Шоислом Акмалов “Тошкент ислом университетининг  диншунослик таълими тизимидаги ўрни”, Ўзбекистон Респуб­ликаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академияси етакчи илмий ходими Ирода Шамсиева “Бузғунчи оқимлар ва халқаро қўпорувчиликка қарши курашда таълимий ахборот усуллари (Ўзбекистон тажрибаси) мавзуида маъруза қилишди. Вакилларимизнинг маърузалари алоҳида эътибор билан тингланди.

Анжуманда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Россия исломий таълим муассаларининг вакиллари, тадқиқотчи олимлар, тарихчилар, давлат ва жамоат арбоб­лари иштирок этишди.