2012 йил 27 декабр куни Наманган шаҳридаги “Мулла Қирғиз” мадрасасида вилоят имом-хатибларининг йил якунига бағишланган йиғилиши бўлиб ўтди. Унда вилоят вакиллигининг 2012 йилда бажарган ишлари юзасидан ҳисоботи тингланди.

Йиғилишда сўз олган Ўзбекистон мусулмонлари идораси масжидлар бўлими мудири Муҳаммадназар Қаюмов имом-хатибларни 2013 йил – “Обод турмуш йили”да янада фаол бўлишга чақирди. Шунингдек, вилоят вакили Абдулҳай Турсуновни “Гуллар шаҳрида Рамазон файзи” мақоласи “Йилнинг энг яхши мақоласи” деб топилгани муносабати билан қутлади.

* * *

2012 йил 29 декабр куни Тошкент вилояти вакиллигида ҳам йил якунларига доир йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Абдураззоқ Юнусов қатнашди. Тадбирда Тошкент вилояти бош имом-хатиби Қурбонали Турсунов сўз олиб, йил давомида қилинган ишлар юзасидан ахборот берди. Шунингдек, йиғилишда “Йилнинг энг яхши видиолавҳаси” республика танлови ғолиби, бўлган Бекобод шаҳар бош имом-хатиби Иброҳим Иномовга ва вилоят имом-хатиблари орасида ўтказилган “ Йилнинг энг фаол имом-хатиби” танлови ғолиби Олмалиқ шаҳар бош имом-хатиби Азимжон Олимжоновга Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг мукофотлари топширилди.

 

Муҳаммадназар ҚАЮМОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими мудири