Шу йил 5 феврал куни бўлган Қорақал­поғистон Республикаси имом-хатибларининг йиғилишида 2012 йилги фаолият якунлари, эришилган ютуқлар ва йўл қўйилган камчилик­лар, ҳамда 2013 йили имомлар олдида турган долзарб вазифалар муҳокама этилди.

Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси Шамсиддин Баҳаўтдинов 2012 йили амалга оширган ишлар бўйича ҳисобот берди. Ҳисоботда масжидлар ҳомийларни жалб этган ҳолда ўтган “Мустаҳкам оила йили”да муҳтожларга 6 миллион сўмдан ортиқ хайрия ёрдами кўрсатилгани, 15 та масжидда тўла таъмирлаш ишлари олиб борилгани, имом-хатиб­лар беш юздан зиёд маънавий-маърифий ва саломатлик, мингдан ортиқ  миссионерлик ва ақидапарастликка қарши тадбирларда маърузалар билан иштирок этганини қайд қилиб ўтди.

Йиғилишда диний идора раиси ўринбосари Абдураззоқ Юнус, Масжидлар бўлими мудири Муҳаммадназар Қаюмов, Дин ишлари бўйича қўмита ходими Исломиддин Зуҳриддинов ўтган йил эришилган ютуқлар билан бирга баъзи камчиликларни эътироф этиб, “Обод турмуш йили”да имом-хатиблар олдида турган долзарб вазифалар, жумладан, тинчликни кўз-қорачиғидай асраш ёшларда ватанпарварлик ҳиссини уйғотиш ҳартомонлама интелектуал салоҳиятга эга бўлиш ва оммавий ахборот воситаларида фаол иштирок этиш зарурлигини таъкидлашди.

Мажлис якунида йилнинг энг фаол имом-хатиби Нукус шаҳар “Имом эшон Муҳаммад” жоме масжиди имом-хатиби Баҳрамаддин Разовга, энг фаол тарғиботчи Мўйноқ тумани бош имом-хатиби Аминжон Набатовга ва энг обод масжид Беруний тумани “Шайх Аббос Валий” жоме масжиди имом-хатибига қозиётнинг мақтов ёрлиқлари, совғалари топширилди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Масжидлар бўлими