ҚУРЪОНШУНОСЛАР МУСОБАҚАСИ

Январ ойининг 24-куни Тошкент Ислом университети магистратура бўлими ташаббуси билан “Ҳикмат дурдоналари” деб номланган қуръоншунослик мусобақаси ўтказилди. Унда университетнинг фаол талабаларидан тузилган гуруҳлар қатнашишди.

Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Абдулазиз Мансур Қуръони каримнинг фазилатлари ҳақида гапирди ва бундай тадбирлар ўтказилиши талабаларнинг Қуръон илмини ўрганишида жуда аҳамиятли эканини таъкидлади.

“Ибратли қиссалар”, “Муфассирлар ворисларимиз”, тезкор савол-жавоб ва мужаввидлик шартлари бўйича беллашув натижаларига кўра, “Бурҳон” гуруҳи биринчи, “Ҳилол” гуруҳи иккинчи ва “Ирфон” гуруҳи учинчи ўринни олди. Томошабинлар ўртасида ҳам Қуръон илмларига доир савол-жавоблар ўтказилди.

 

БЎЛИМ ТАШАББУСИ

Шу йилнинг 2 феврал куни Тошкент Ислом университети Манбалар хазинаси бўлими ташаббуси билан «Асарлар ҳикмати” деб аталган тадбир ўтказилди. Унда бўлим мудири Бурҳониддин Аҳмедов ва бўлим ходимлари сўзга чиқиб, бўлимнинг фаолияти, у ерда сақланаётган қўлёзма, тошбосма ва янги нашр этилган китоблар ҳақида йиғилганларга маълумот беришди. Шунингдек, ноёб ва нодир китоблар тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. Тадбир сўнгида талабаларга билимларини синаб кўриш учун турли қизиқарли саволлар берилди, ғолибларга совғалар улашилди.

Бадриддин САДРИДДИН ўғли

 

СИЙРАТ МУСОБАҚАСИ

Шу йил 6 феврал куни Тошкент Ислом институтида “Суюкли Пайғамбаримиз” мавзуида курслараро сийрат мусобақаси бўлиб ўтди. Тадбирда диний идора раиси ўринбосари Абдулазиз Мансуров, мутасадди раҳбарлар ва устоз-мураббийлар иштирок этишди. Беш шартдан иборат бўлган мусобақа натижаларига кўра, 1-, 2-курс иштирокчилари биринчи, 3-курс иштирокчилари иккинчи, 4-курс иштирокчилари учинчи ўринга лойиқ топилди.

Абдул Азим ЗИЁУДДИН

 

* * *

15 феврал куни институтда шоирнинг “Бобурнома” асарининг ўзбек адабиётида тутган ўрни” мавзуида илмий суҳбат ўтказилди. Унда Алишер Навоий номидаги Давлат Адабиёт музейи етакчи илмий ходими, филология фанлари доктори, профессор Нажмиддин Низомиддинов иштирок этди.

Профессор Нажмиддин Низомиддинов “Бобурнома” асарининг илмий аҳамияти, бобурийлар салтанатининг жаҳон маданиятига қўшган ҳиссаси ҳақида гапирди. Тадбир давомида профессорнинг “Буюк Бобурийлар тарихи (XVI–XIX аср)” номли монографияси тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. Шунингдек, янги чоп этилган “Бобурий подшоҳ Аврангзеб. Маъосири Оламгирий” (Оламгирнинг хайрли ишлари) номли китоб ҳам иштирокчиларга таништирилди.

Жаҳонгир МЕЛИҚЎЗИЕВ