Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Абдураззоқ Юнусов билан суҳбат

 

Домла, насиб этса, бу йил Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 70 йиллиги нишонланади. Бу даргоҳда узоқ йиллар ишлаган инсон сифатида хотираларингиздан айтиб берсангиз...

– Умр оқар дарё экан. Иш бошлаганимдан бери қирқ йилдан ортиқ вақт ўтибди. Аммо идорага ҳар куни худди илк бор кириб келаётгандек ҳаяжон билан қадам қўяман. Чунки бу жойда улуғ устозлар – Исмоил Махдум Сотти Охунд ўғли, шайх Юсуфхон Шокиров, шайх Абдулғани Абдуллаев, Салоҳиддин Муҳитдинов каби инсонлар ишлаган. Энг катта ютуғим ҳар доим ёнимда яхши инсонлар кўп бўлганидир. Ҳозир ҳам шундай. Яхшиларга ёндаштиргани учун Яратганга минг-минг шукр айтаман. Мен ўзим ҳақимда эмас, кўпроқ устозларим ҳақида гапирсам, девдим. Бугунги кунлар қадрига етишимиз учун ўтган даврларни эслаш фойдалидир.

1970 йили диний идорага ишга ўтдим. Устоз Зиёуддинхон ибн Эшон Бобохон ҳазратлари Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси ­раиси эдилар. Ўша йиллари собиқ совет ҳукуматининг динга нисбатан муносабати бир оз юмшади. Бунинг орқасида ғоявий мақсадлар бор эди. Муфтий Зиёуддинхон берилган озгина имкониятдан унумли фойдаланиб қолишга уриндилар.

Тошкент шаҳрида Ислом олий маъҳадининг (Имом Бухорий номидаги Ислом инс­титути) очилиши ҳам ўша йилларга тўғри келди. Яна, Диний бошқарма ҳузурида халқаро алоқалар бўлимини ташкил этишга, тўрт тилда «Совет Шарқи мусулмонлари» (ҳозирги “Ҳидоят”) номли журнал чоп этишга, Қуръони карим ва Имом Бухорийнинг “Ал-адаб ал-муфрад”, “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” ва бир қанча асарларини араб тилида нашр қилишга, юртимиздан бир неча кишини ҳажга юборишга, шунингдек, бир қанча илмий-амалий халқаро ан­жуманлар ўтказишга эришилди. Муфтий ҳазратларининг саъй­-ҳаракатлари билан хорижий мамлакатлардаги бутун Ислом оламига машҳур дорилфунунларига юртимиздан талабалар бориб, таҳсил ола бошлаш­ди. Буларнинг бари айтишга осон. У вақтларда дин хизматида бўлиш бир қўлда чўғни тутиб туриш билан баробар эди.

Устоз Зиёуддинхон ибн Эшон Бобохон ҳазратлари жасоратли инсон эдилар. Хушфеъл­лиги, чиройли одоби, ташкилотчилиги, талабаларга меҳ­рибонлиги ва бошқа қатор фазилатлари билан биз шогирдларига ибрат эдилар. Ҳозирги кунда нафақат юртимизда, балки Русия, Озарбойжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон каби мамлакатларда хизмат қилаётган дин арбобларининг кўпи у зотнинг шогирдларидир.

Мен ҳам Зиёуддинхон ибн Эшон Бобохон ҳазратлари билан сал кам ўн уч йил бирга ишладим. У зотнинг панд-наси­ҳатлари ҳамон қулоғим остида: “Ҳар қандай ҳолатда ҳам ҳақиқатни айтинг”, “Бировга ваъда берсангиз, албатта, устидан чиқинг”, “Ҳеч қачон бекор ўтириб, вақтингизни ўтказманг, газет-журнал ўқинг, китоб мутолаа қилинг, ҳеч бўлмаса, радио тингланг”, “Ишга вақтида келинг, ҳеч кимни куттириб, музтар қилманг”.

Илк бор идорага ишга келганимда мени очиқ юз билан кутиб олган эдилар. У кишининг ҳузурларига қандай одам бир иш ёки савол билан келмасин, маслалҳатларини, жавобларини олиб, мамнун ҳолда чиқиб кетарди.

Мана, оз бўлса-да, ўтмишни, устозларни хотирлаб ўтдик. У кунларни бугунимизга тақ­қослаб кўрилса, истиқлол қан­чалар тенгсиз неъмат экани яққол сезилади. Тарих эслаш билан кифоя қилинмайди, бал­ки бугунга қиёслаб, хулоса чи­қаришимиз керак. Шунда Аллоҳ таоло бизга берган неъматлар қадрига етамиз, юракдан шукр айтамиз.

*   *   *

Идора тарихи, устозлар ҳақидаги хотираларни кичик бир суҳбатга сиғдириш имкони йўқ. Журнал саҳифаларида фидойи устозларимиз ҳақида мақолалар, суҳбатлар бериб борамиз, иншааллоҳ...

 

Муҳаммад СИДДИҚ ёзиб олди.