Шу йил 25 март – 1 апрел кунлари Дин ишлари бўйича қўмита раиси Ортиқбек Юсупов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ва идора фатво бўлими мудири Абдулҳамид Турсунов Саудия Арабистони Подшоҳлигининг Ҳаж вазирлиги таклифига биноан шу давлатда хизмат сафарида бўлишди.

Сафарнинг илк куни вакилларимиз Жидда шаҳрида жойлашган Бирлашган вакиллик­лар уюшмаси раиси вазифасини бажарувчи Аҳмад Бахш бошлиқ ҳайъат аъзолари билан, сўнг Туркия, Оврупа, Америка ва Австралия ҳожиларига хизмат кўрсатувчи миллий муассаса ҳайъати аъзолари, иккинчи ва учинчи кунлари Саудия Арабистони Подшоҳлигининг Ҳаж вазири Бандар ибн Муҳаммад Ҳажжар билан учрашишди. Суҳбар чоғи юртимиз ҳаж ишчи гуруҳи билан муассаса ўртасида ҳамкорлик алоқалари такомиллашиб бораётгани, юртдошларимизга ҳаж амалларини бажаришда қулайлик ва енгилликлар яратилаётгани, юртимиз тажрибаси бошқа давлатлар вакилларига намуна бўлаётгани таъкидланди. Саудия Арабистони Подшоҳлиги Ҳаж ишлари вазири Бандар ибн Муҳаммад Ҳажжар билан 2013 йилги ҳаж мавсумини тартибли ўтказиш бўйича шартнома баённомаси имзоланди. Вакилларимиз Маккада умрачиларимиз, Мадинада зиёратчи юртдошларимизга яратилган шарт-шароитлар билан танишишди.

2013 йили Мадина шаҳрига Ислом маданияти пойтахти мақоми берилгани муносабати билан бу йилги ҳаж мавсумида Мадинаи мунавварада халқаро кўргазма ташкил этилажаги маълум қилинди. Кўргазмага юртимиз вакиллари ҳам таклиф этилди.

 

Дин ишлари бўйича қўмита ахборот хизмати