Шу йил январ ойининг 23 куни­ Ва­тиканнинг Россия ва Ўзбекистондаги элчиси Иван Юркович, римкатолик черковининг Ўзбекис­тондаги роҳиби  Е.Ма­це­луевич ва элчининг биринчи котиби Висвал­дос Кулбакос “Ҳазрати Имом” мажмуасига келишди. Меҳмонлар Ўзбекистон мусулмонлари идорасида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳ­барлари билан this учрашишди.

Иван Юркович Ўзбекистонда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик борасида амалга оширилаётган ишлар, динлар, конфессияларга қарати­лаётган эътиборни юқори баҳолади. “Бугун, – деди элчи жаноблари, – дунёнинг кўп ўлкаларида турли нотинчликлар, иқтисодий инқироз, фуқаролик урушлари бўлиб турган бир маҳалда, биз диний ташкилотлар билан мустаҳкам, ўзаро ҳамжиҳатликдаги алоқаларни йўлга қўйишимиз керак”.

Меҳмонлар “Ҳазрати имом” жоме масжидини, идора кутубхонаси  (“Мўйи муборак” мадрасаси)да сақланаётган  ҳазрат Усмон Мусҳафини, Бароқхон мадрасасида миллий ҳунармандчилигимизнинг ноёб дурдоналарини томоша қилишди. Шунингдек, улар Тошкент Ислом институтида таълим жараёни, талабалар ҳаёти, уларга яратилган шароитлар билан танишишди.