Миллий ва диний қадриятлари қайта тикланаётган мамлакатимиз ёшларида соғлом эътиқодни шакллантириш муҳимдир. Президентимиз Ислом Каримов таъбири билан айтганда: "Муқаддас ислом динимизни пок сақлаш, уни турли хил хуруж ва ҳамлалардан, туҳмат ва бўҳтонлардан ҳимоя қилиш, унинг асл моҳиятини униб-ўсиб келаётган ёш авлодимизга тўғри тушунтириш, ислом маданиятининг эзгу ғояларини кенг тарғиб этиш вазифаси ҳамон долзарб бўлиб қолмоқда".

Шу нуқтаи назардан қараганда, ўсиб келаётган ёш авлод онгини забт этишга қаратилган ғоявий хуружларнинг олдини олиш ислом динининг эзгу ва бунёдкор моҳиятини янада теран англаб етишга хизмат қиладиган тарғибот усул ва воситаларини яратишни тақозо этади. Салбий ҳолатларнинг олдини олишда масалага чуқур илмий ёндашиш, Юрт­бошимиз таъкидлаганларидек, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш самарали натижа беради. Муаллиф Айдарбек Тулеповнинг "Ислом ва ақидапараст оқимлар" номли китобида мана шундай муҳим масалалар баён қилинган. Яқинда шу китоб тақдимоти бўлиб ўтди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари китоб ҳақида шундай дедилар:

– Кейинги йилларда мусаффо динимизни ниқоб қилиб олган, аслида турли қабиҳ кишилар манфаатларини амалга ошириш йўлида ҳаракат қилаётган фирқа ва оқимлар фаолияти кузатилмоқда. Бундай вазият Ислом динимизни ғаразли хуруж ва таъсирлардан ҳимоя қилиш, унинг асл моҳиятини жамоатчиликка тўғри тушунтириш бугунги кунда долзарб эканини англатади. Шу нуқтаи назардан қараганда, "Ислом ва ақидапараст оқимлар" китобида тарихий ақидапараст тоифалар ва улардан ажралиб чиққан фирқалар фаолияти таҳлили, замонавий мутаассиб оқимларнинг кирдикорлари аниқ ва равон ёзилган. Шунингдек, Ислом динига доғ тушираётган оқимлар ақидаси нотўғри эканлиги далиллар асосида баён қилинган. Китобдаги Ислом динидаги ақидавий ва фиқҳий мазҳаблар ҳақидаги бўлимлар ўқувчи ақидапараст оқимларнинг даъволари соф ақидага мутлақо тўғри келмаслигини анг­лаб олишига имкон беради. Муаллиф мазкур мавзуга бағишланган элликдан ортиқ араб, форс, инг­лиз ва рус тилларидаги адабиётда берилган маълумотларни йиғиб, тизимлаштирган.

Дин ниқоби остида осуда ҳаётимизни издан чиқаришга уринаётган бузғунчи оқим ва фирқалар айрим ёшларимизни ўз тузоғига илинтиришга, мамлакатимизда ҳукм сураётган миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликка раҳна солишга уринаётган айни давр­да муқаддас Ислом динини турли хуруж ва таъсирлардан ҳимоя қилиш, ёш авлодга унинг асл моҳиятини тўғри тушунтириш муҳим ҳаётий масаладир.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур бу асарда Ислом дини ниқоби остида пайдо бўлган оқим ва фирқаларнинг юзага келиши, уларнинг ботил ақидалари, фаолият услублари, ўз замонасида уларга нисбатан муносабат масалалари тарихий далилларга таянган ҳолда ёритилганини айтдилар.

Тошкент Ислом университети профессори Аҳаджон Ҳасанов тақдим этилаётган китоб долзарб мавзуга бағишлангани ва замон талабига жавоб эканини алоҳида қайд этди. Профессор китобнинг илмий-назарий ва амалий-татбиқий аҳамиятини сўзлаб, асар кенг китобхон аҳли учун ҳам манзур ва манфаатли бўлишини эътироф этди.

Китобнинг таркибий қисм­лари, безак ва нашр сифати бўйича Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти ректори Ҳайдархон Йўлдошхўжаев сўзлади. У китоб жуда долзарб муаммонинг ҳал этилишига бағишланган бўлиб, соҳада янги қарашларнинг жорий бўлишига хизмат қилади, деб таъкидлади.

Республика "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати Марказий Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Феруза Муҳаммаджонова  сўзга чиқиб, ёшларни турли таъсирлардан сақлаб қолиш учун кенг кўламли тар­ғибот ишларини олиб бориш зарурлиги ҳақида гапириб, жумладан, шундай деди: "Ёш авлодда мафкуравий иммунитетни юксалтиришимиз, уларда ватанпарварлик, эзгулик ва яхшиликка интилиш, ёмонлик ва зўравонликдан узоқ бўлиш туйғуларини шакллантиришимиз учун "Ислом ва ақидапараст оқимлар" номли китоб жуда қўл келади".

Тошкент Ислом университети ректори Равшан Абдуллаев ушбу асарни ўқув юртлари талабалари ўқув дас­турига дарслик сифатида киритиш мақсадга мувофиқ эканини билдирди.

 

Жаҳонгир МЕЛИҚЎЗИЕВ,

Тошкент Ислом институти проректори