Шу йил 17 апрел куни Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Кристофер Жорж Эдгар жаноблари Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов қабулида бўлди.

Муфтий ҳазратлари меҳмонни қутлаб, унга диний идора тарихи ҳамда юртимизда мусулмонларга яратилаётган шарт-шароитлар, турли конфессиялар билан дўстона алоқалар йўлга қўйилгани ҳақида сўзлаб берди.

Суҳбат чоғида элчи жаноблари Самарқанд, Бухоро, Хоразм вилоятлари ҳамда Нукус шаҳрида бўлганини, у ерларда амалга оширилган ишлар, сайёҳлар учун яратилган қулайликлар ҳақида таассуротларини ўртоқлашди. Келгусида юртимизнинг бошқа вилоятларига ҳам сафар уюштириш нияти борлигини билдирди.

Учрашув сўнгида муфтий ҳазратлари меҳмонга идоранинг рамзий ҳадясини топширди.

 * * *

23 апрел куни Полша Республикаси Бош прокурорининг биринчи ўринбосари Марек Ямрогович раҳбарлигидаги меҳмонлар “Ҳазрати Имом” мажмуасига келди. Уларни Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакиллари кутиб олишди. Меҳмонлар “Ҳазрати Имом” мажмуасининг барпо қилиниши, унда янги бунёд этилган бинолар ҳамда таъмирланган меъморий ёдгорликлар тарихи билан танишишди. Улуғ аллома Абу Бакр Қаффол Шоший мақбарасини, идора кутубхонаси музейида сақланаётган ҳазрат Усмон Мусҳафини томоша қилишди.

Полшалик меҳмонлар мажмуага келганларидан мамнун бўлишганини айтишди.

 

Илёс АҲМЕДОВ