14 август куни Ўзбекистон Миллий матбуот марказида Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Тошкент давлат педагогика университети ҳамда Республика миллий ғоя ва мафкура илмий-амалий маркази билан ҳамкорликда ташкил этилган “Баркамол авлод ва уларни диний-экстремистик гуруҳларнинг зарарли таъсиридан ҳимоялаш масалалари” мавзуида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Анжуманда ўсиб келаётган ёш авлоднинг турли бузғунчи оқимлар таъсирига тушиб қолишининг олдини олиш, ёшларни илмли, ватанпарвар ва ҳар томонлама баркамол инсон қилиб тарбиялаш борасида амалга оширилаётган назарий ва амалий ишлар қайд этилди. Тадбирда бузғунчи оқимлар бугунги кунда ўз ғояларини турли йўллар, айниқса, интернет тармоғи орқали тарғиб қилаётгани, ўқиш ёки ишлаш учун хорижга чиққан ёшларимизни алдаб ўз сафларига тортиш каби усуллардан фойдаланаётгани айтиб ўтилди. Бузғунчиликка қарши кураш ўқув муассасаларидаги маънавий тадбирларда, ёшлар билан турли учрашувларда, суҳбатларда, оммавий нашрларда, радиоэшиттиришлар ва телекўрсатувлар орқали олиб борилаётгани таъкидланди.

Учрашувларда, даврий нашр ва эфир орқали чиқишларда Дин ишлари бўйича қўмита, Тошкент Ислом университети мутахассислари ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси уламолари Исломда одам ўлдириш, фитна чиқариш, айниқса, ўз юртига қарши чиқиш, ота-она ва оиласини қаровсиз қолдириш, фуқароларни динсизликда айблаш, ўзини портлатиб юбориш каби ишлар, оғир гуноҳ ҳисобланиши уқтирилмоқда. Шунингдек, жамият ичида тинчликни асраш, илмга интилиш, одамларга меҳр-оқибат, муҳтожларга ёрдам кўрсатиш миллий қадриятларимиздан экани тушунтириб борилаётир.

Анжуман иштирокчилари ёш авлодни ватанпарвар, халқпарвар, миллий қадриятларга содиқ, диний бағрикенглик руҳида тарбиялаш нафақат давлат ва жамоат ташкилотлари, балки, ҳар бир ота-онанинг ҳам муқаддас бурчи эканини таъкидладилар.