Шу йил 14 август куни Кўкалдош Ислом ўрта махсус билим юртида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги диний таълим муассасалари раҳбарлари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Йиғилишда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов, иштирок этди. Йиғилишда битирувчиларнинг олий ўқув юртларига ўқишга кириши ва тақсимот бўйича ишга жойлашиши ҳақида, “Обод турмуш йили”да таълим муассаларида олиб борилаётган ишлар ва таълим муассаларини янги ўқув йилига ҳамда кузги-қишги мавсумга тайёрлиги бўйича диний таълим муассасалари раҳбарларининг ҳисоботи тингланди. Жумладан, ўқув даргоҳларида дарс ўтиладиган хоналар давр талаби асосида замонавий жиҳозлангани, ўқитувчилар ушбу билим юртларида дарс жараёнларини техник воситалар ва кўргазмалар, янги педагогик технологиялар асосида ташкил этаётгани таъкидлаб ўтилди. Диний таълим муассаларида янги 2013–2014 ўқув йилига тайёргарлик ишлари тўлиқ бажарилиб, ўқув биноси ва ётоқхона биноси таъмирдан чиқарилиб, янги ўқув йили учун тайёр ҳолатга келтирилган. Шунингдек, халқаро терроризм, диний экстремизмга қарши курашнинг маънавий-маърифий асослари фанининг ўқитилишида Айдарбек Тулеповнинг “Ислом ва ақидапараст оқимлар” ўқув қўлланмасидан фойдаланишнинг методик асослари тўғрисида ҳам таълим муассасалари раҳбарларининг фикр ва мулоҳазалари тингланди.

Йиғилишда кун тартибидан жой олган саккиз масала юзасидан қатнашчилар бирма-бир сўзга чиқиб, фикр-мулоҳазаларини билдиришди, зарур масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Умид ХЎЖАЕВ,

Таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими мутахассиси