Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги муқаддас қадамжоларни сақлаш ва обод этиш хайрия жамғармаси фаолиятидан

Жамғарма Ўзбекистон Рес­публикаси Президентининг 2008 йил 7 августдаги ПҚ-938-сонли қарорига асосан мамлакатимиз ҳудудидаги зиёратгоҳ ва қадамжоларни талаб даражасида сақлаш ва ободонлаштириш, уларнинг инфратузилмасини такомиллаштириш мақсадида ташкил этилган. Фаолияти давомида юртимиздаги ноёб тарихий-меъморий мажмуалар бўлмиш зиёратгоҳларни сақлаш, тиклаш-таъмирлаш ва янада ободонлаштириш, уларнинг инфратузилмасини ривожлантиришда иштирок этиб келмоқда. Шунингдек, Жамғарма Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги таълим муассасаларининг ўқув ва моддий базасини мустаҳкамлаш, уларни замонавий технологиялар билан таъминлаш, давр талабига мос шарт-шароитларни яратишга ҳам муносиб ҳисса қўшмоқда.

Хусусан, жамғарма ўтган йилда қатор ишларни амалга оширди. Юртимиздаги тарихий-меъморий обидалар, муқаддас қадамжолар, масжидлар, зиёратгоҳ ва маж­муаларни талаб даражасида сақлаш, ободонлаштириш ва уларнинг инфратузилмасини янада ривожлантириш мақсадида Ҳазрати Имом мажмуаси таркибидаги тарихий-маданий биноларда кенг кўламли таъмирлаш ва реконструкция ишлари олиб борди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги диний таълим муассасаларидаги ўқитувчи ва мураббийлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларни моддий рағбатлантириш мақсадида 200 мингдан зиёд рағбатлантириш ёрдами берилди. Ушбу таълим муассасаларининг ўқув ва моддий баъзасини мустаҳкамлаш, таълим жараёнини янада такомиллаштириш борасида муайян ишларни амалга оширди.

Имом-хатиблар ўртасида ташкил этилган “Йил имоми – 2012” кўрик танлови якуний босқичи иштирокчилари ва совриндорларига ҳомийлик совғалари тақдим қилинди.

Маҳаллалардаги кам таъминланган оилалар ҳамда меҳрибонлик уйлари, ногиронлар жамияти, махсус мактаб ва боғчалар тарбия­ланувчиларига жами 300 мингдан ортиқ моддий ёрдам кўрсатилди. Тошкент вилояти Зангиота тумани Назарбек қиш­лоқ фуқаролари йиғилиши ҳудудидаги талабалар ётоқхонасининг қурилиш-таъмирлаш ва жиҳозлаш ишларига амалий ёрдам кўрсатилди.

 

Исохон АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги Муқаддас қадамжоларни сақлаш ва обод этиш хайрия жамғармаси ижрочи директори