Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳу.

Муҳтарам Президент Жаноби Олийлари.

Ушбу саодатли кунларда Сизни ва Сиз орқали барча юртдошларимизни улуғ айём – Қурбон ҳайити билан муборак заминда ҳаж ибодатини адо этаётган ҳожиларимиз номидан самимий муборакбод этамиз.

Истиқлол шарофати билан динимиз арконларини эмин-эркин бажариш учун барча шароитлар, хусусан, Ватанимиздан муборак ҳаж сафарига бораётган фуқароларимиз учун яратиб берилаётган имконият ва қулайликлар Сизнинг ўз халқингизга бўлган оталарча ғамхўрлигингиз намунасидир.

Мустақиллик йилларида миллий-диний қадриятларга кўрсатилаётган алоҳида эътибор ва эҳтиромингиз туфайли азиз-авлиёларимиз қадамжолари обод этилиб, халқимиз ардоғидаги табаррук манзилларга айлантирилиши, юртимиздан етишиб чиққан буюк олиму фузалолар асарларининг нашр этилиши ҳамда халқимиз, айниқса, ёшларимиз маънавиятини юксалтириш борасида амалга оширилаётган эзгу ва хайрли ишлар юртдошларимизни янада улкан зафарлар сари руҳлантирмоқда.

Биз, ўзбекистонлик ҳожилар, Маккаи мукаррама, Мадинаи мунаввара каби қутлуғ заминда туриб, Сизнинг раҳнамолигингизда мустақил юртимиз ҳамиша омон, элимиз тинч, осмонимиз мусаффо, турмушимиз янада обод бўлишини Яратгандан илтижо қилиб сўрамоқдамиз.

Муҳтарам Президент Жаноблари, Аллоҳ таолодан Сизга узоқ умр, мустаҳкам соғлик, бахт-саодат тилаб, халқимиз ва азиз диёримизни ҳамиша Ўз паноҳида асрашини сўраб, дуолар қилиб қоламиз.

Вассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳу.

 

Ўзбекистон ҳожилари номидан

 Муфтий Усмонхон АЛИМОВ

Маккаи мукаррама, Арафот водийси.

2013 йил, октябр.