Жорий йилнинг 23 сентябр куни “Энг намунали имом” кўрик-танловининг республика босқичи бўлиб ўтди. Унда вилоятлар танловининг ғолиблари қатнашди. Кўрик-танлов қатнашчилари Қуръон оятлари тафсири, шунингдек, ақидапараст оқимлар, маънавият ва маърифат ҳамда фиқҳий масалалар, Ислом тарихи бўйича билимлари ва оммавий ахборот воситаларидаги чиқишлари билан синовдан ўтдилар. Иштирокчилар билимдонлик, ҳозиржавоблик ва илмий салоҳиятларини яна бир бор синовдан ўтказдилар.

Якуний босқич натижаларига кўра, Навоий вилояти Хатирчи туман “Имоми Аъзам” масжиди имом-хатиби Муҳаммад Эргашев биринчи, Қорақалпоғистон республикаси Амударё туман “Юсуф эшон” масжиди имом-хатиби Абдураҳмон Матсапаев иккинчи, Самарқанд вилояти Оқдарё туман “Махдуми Аъзам” масжиди имом-хатиби Олимжон Юсупов ва Андижон вилояти Олтинкўл туман “Оқтепа” масжиди имом-хатиби Санжарбек Маманазаров учинчи ўринни эгалладилар. Ғолиблар ва қатнашчилар Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарияти томонидан диплом ва эсдалик совғалар билан тақдирланди. Тадбир ниҳоясида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ғолибларни қутлаб, тадбир қатнашчилари ва Тошкент Ислом институти битирувчи курс талабаларига имом-хатибда топилиши лозим бўлган хислатлар, Қуръон қироатида риоя этиш керак бўлган тажвид қоидалари ҳамда фиқҳий масалаларни эгаллаш юзасидан йўл-йўриқ ва кўрсатмалар бердилар.

 

Ибодулла АҲРОРОВ,

Тошкент Ислом институти ўқитувчиси