Ҳожи Акбархон Муҳиддинхонов 1887 йили Тошкентнинг “Қоратош” маҳалласида туғилган. Болалигидан диний билимларни пухта эгаллаб, 14 ёшида мураттаб қори бўлади.

“Кўкалдош” ва “Хожа Аҳрор Валий” мадрасаларида таълим олади. Ҳожи Акбархон домлани Қуръони карим, ҳадис, мантиқ ва шариат илмларининг мукаммал билимдони сифатида уламолар эътироф этишади.

Қатағон йилларида ноҳақ айбловларга учраган Ҳожи Акбархон не-не машаққатларни, азобу уқубатларни бошидан кечирди. Ниҳоят, оқланиб, 1946 йили Бухородаги Мир Араб мадрасасига мудир этиб тайинланади. Оиласи билан Бухорога кўчиб келади. Бу пайтда домла 60 ёшга яқинлашган, бир неча йиллик руҳий ва жисмоний қийноқлар, изтироблар соғлигига ўз таъсирини ўтказган эди. Лекин талабаларга илм ўргатиш, диний қадриятларимизни англатиш завқ-шавқи унинг ғайратига ғайрат қўшарди. Форс, араб, рус тилларини мукаммал билган домла собиқ Иттифоқнинг турли ерларидан келган талабаларга сабоқ берарди.

Мадрасада кўп йиллар илмий мудир ва мударрис бўлиб ишлаган олим, етук хаттот Ғуломжон Изомий Ҳожи Акбархон Муҳиддиновни бундай эслайди: “Бухородаги Мир Араб мадрасасида ишлаган пайтларимда Ҳожи Акбархон акага муовин эдим. У киши тенги йўқ, кенгқамровли олим эди. Дарслардан кейин талабалар, ён-атрофдан келган аҳоли билан суҳбатлар ўтказарди. Мадрасанинг ҳовлисига одам сиғмай кетарди. У ҳалол, пок инсон эди. Ҳожи Акбархон домлага ўхшаган инсонлар ҳар юз йилда битта туғилади”.

Мир Араб мадрасасида тизимли ўқитиш, дастурлар, даражаларга бўлиниш, тартиб ва интизом айнан Ҳожи Акбархон ва Ғуломжон Изомий домлаларнинг саъй-ҳаракатлари билан юзага келган.

Ҳожи Акбархон домладан бир қўлёзма хотира қолган. У тахминан юз варақ бўлиб, унда ўзбек, форс ва араб тилидаги шеърлар битилган.

Ҳожи Акбархон домла 1947 йили 60 ёшида вафот этган. Тошкент шаҳридаги “Хожа Аламбардор” қабристонига дафн қилинган.

 

Ҳайдархон ЙЎЛДОШХЎЖАЕВ,

Тошкент Ислом институти ректори