Шу йилнинг 23 сентябр куни “Энг намунали имом” кўрик-танловининг республика босқичи бўлиб ўтди. Унда мусобақанинг вилоят босқичи ғолиблари қатнашдилар. Танлов иштирокчилари тафсир, фиқҳ, долзарб ижтимоий мавзулар, маънавият ва маърифат, Ислом тарихи ва оммавий ахборот воситаларида чиқишлари бўйича билим ва маҳоратларини яна бир бор синовдан ўтказишди.

Якуний босқич натижаларига кўра, Навоий вилояти Хатирчи тумани “Имоми Аъзам” масжиди имом-хатиби Муҳаммад Эргашев биринчи, Қорақалпоғистон Республикаси Амударё тумани “Юсуф эшон” масжиди имом-хатиби Абдураҳмон Матсапаев иккинчи, Самарқанд вилояти Оқдарё тумани “Махдуми Аъзам” масжиди имом-хатиби Олимжон Юсупов ва Андижон вилояти Олтинкўл тумани “Оқтепа” масжиди имом-хатиби Санжарбек Маманазаров учинчи ўринни эгаллашди. Кўрик-танлов ғолиблари ва қатнашчилари Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбариятининг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар. Тадбир ниҳоясида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов сўзга чиқиб ғолибларни қутлади. Ўз навбатида, кўрик-танлов иштирокчилари, тадбир қатнашчилари ва Тошкент Ислом институти битирувчи курс талабаларига имом-хатиб эга бўлиши керак бўлган хулқ-атвор, Қуръонни тажвид қоидаларига риоя этган ҳолда ўқиш ҳамда халқимизнинг диний эҳтиёжи учун зарур бўлган фиқҳий масалаларни билмоқликлари ҳақида керакли йўл-йўриқ ва кўрсатмалар берди.

 

Ибодулла АҲРОРОВ,

Тошкент Ислом институти ўқитувчиси