Шу йил 9 март куни Малайзия парламенти раҳбари ўринбосари Датук Ван Жунайди Жаъфар бошлиқ меҳмонлар “Ҳазрати Имом” мажмуасига келишди. Унга Малайзиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Абдулазиз ибн Ҳорун ҳамда элчихона таржимони Фарҳод Мирзабоев ҳамроҳлик қилишди.

Меҳмонлар мажмуада янги бунёд этилган “Ҳазрати Имом” жоме масжидини, Ўзбекистон мусулмонлари идорасини, Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институтини, қайта таъмирланган меъморий обидаларни томоша қилишди. Шунингдек, улар диний идора кутубхонасида сақланаётган ҳазрат Усмон Мусҳафи ва бир қанча нодир қўлёзмалар билан танишишди. Ташриф сўнгида Датук Ван Жунайди Жаъфар жаноблари бундай деди: “Биз бу ерда ҳазрат Усмон Мусҳафини зиёрат қилганимиздан беҳад хурсандмиз. Муқаддас Каломнинг ушбу тенгсиз нусхасини Аллоҳ таоло юртингизда асралишини насиб қилган экан, бу эл-юрт учун улуғ неъмат ҳисобланади. Каломи шарифни асраб-авайлаш йўлида ғамхўрлик учун ҳукумат, идора ва кутубхона раҳбариятига миннатдорлик билдирамиз”.

 

Муҳаммад Акмалхон ШОКИРОВ