Инсоннинг умри неча йил яшагани, лавозими ёки қанча бойлик тўплагани билан ўлчанмайди. Шунингдек, эл эътиборини қозониш учун фавқулодда жасорат кўрсатиш ҳам шарт эмас. Балки умрга ҳалол меҳнат, касбини севиш, эл корига яраш, оқил фарзанд ва шогирдлар етиштириш мазмун беради. Саиднаби Саидкаримов домла ана шундай инсонлардан эди.

Устоз 1934 йил 1 январда Тошкент шаҳрида ишчи оиласида туғилди. Ўрта мактабни аъло баҳоларга тугатгач, 1953 йили Ўрта Осиё Давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) география факултетига ўқишга кирди. Меҳнат фаолиятини 1958–1960 йилларда университетнинг “Иқтисодиий геграфия” кафедрасида лаборант вазифасидан бошлади. 1960–1962 йиллар давомида Ўзбекистон Фанлар Академияси қошидаги География илмий-текшириш бўлимида кичик ходим, 1962 –1964 йилларда собиқ СССР Фанлар Академияси қошидаги Геграфия илмий-текшириш институти аспиранти, 1964–1966 йиллар Тошкент Давлат университети (ҳозирги ЎзМУ) География илмий-текшириш бўлимида кичик, кейин катта илмий ходим, 1966–1996 йилларда эса худди шу университетнинг “Иқтисодий география” кафедраси ўқитувчиси, кейин доцент бўлиб ишлади.

1971 йили Ўрта Осиё ва Қозоғистон диний бошқармаси қошида Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти ташкил топди. Саиднаби Саидкаримов мазкур институтда қарийб 40 йил “Табиий ва ижтимоий фанлар” кафед­раси доценти лавозимида ишлади. География фанлари номзоди ва доцент илмий даражасини олди. Иқтисодий географияга оид 30 га яқин илмий мақолалар ҳамда 2 та ўқув қўлланма муаллифидир.

Педагогика фаолиятидан ташқари, жамоат ишларида ҳам фаол эди. Узоқ йиллар давомида “Беруний” маҳалласи фуқаролар йиғини раиси бўлиб ишлади. 1994 йилда кўп йиллик самарали меҳнати учун давлатимиз “Ўзбекистон халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони, 1995 йилда “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган халқ мао­рифи ходими” ва 1998 йили Президентимиз “Эл-юрт ҳурмати ордени” билан мукофотлади. Устоз хорижий давлатларда ўтказилган ҳамкорлик анжуманларида иштирок этди.

Умрини ёш авлодни тарбиялашга сарфлаган раҳматли Саиднаби Саидкаримов домла моҳир педагог, психолог, яхши сухандон эди. Рус, инглиз ва форс тилларини яхши билгани, ушбу тиллардаги мавжуд илмий адабиётлардан кенг фойдалангани учун маърузалари қизиқарли ва мазмундор бўларди. Дарсларида талабаларга араб давлатлари тарихи, ҳозирги ижтимоий ҳолати ҳақида ҳам кенг маълумот берарди. Устознинг маърузаларини мароқ билан эшитар эканмиз, бизда нафақат араб мамлакатларининг тарихи, географиясини ўрганиш, ушбу давлатларни бориб кўриш иштиёқи ҳам пайдо бўлган эди. Устоз билан ишлаш бизга завқ-шавқ берарди. Доим у кишидан бирор нарсани ўрганишга ҳаракат қилардик.

Устоз интизомга жуда қаттиқ амал қилар, вақтни беҳуда сарфлашни ёмон кўрар, бошқалардан ҳам шуни талаб қилар эди. “Вақтинг кетди, нақдинг кетди”, “Вақтнинг қадрига етиш керак” деб кўп тарорларди. Дарсга қўнғироқ чалинмасдан олдин аудитория олдида турарди.

2001 йили бундай воқеа содир бўлди. Эрталаб одатга кўра талабаларнинг дарсга келишини назорат қилиб турган эдим. (Мен ўша вақтларда институтнинг ўқув ишлари проректори вазифасида ишлардим.) Устоз негадир кечикди. “Иши бўлса, огоҳлантирар эди-ку”, деб кўнгилдан ўтказдим. Дарс бошланганига ярим соат бўлди, у кишидан дарак йўқ. Ректоримиз ҳам ҳайрон. Устозда бундай ҳолат бўлмаган эди. “Бирор иш билан ушланиб қолгандир-да”, деб турсак, қоровулхонадаги телефон жиринглади. Телефон гўшагини кўтарсам, Саиднаби домланинг овози келди:

– Муҳаммадрасул, мен автоҳалокатга учрадим. Ҳозир касалхонадаман, аҳволим яхши, сиздан илтимос, болалар дарсдан қолмасин. Шунинг учун телефон қиляпман, – деди.

Мен карахт бўлиб қол­дим. Тезлик билан касалхонага бордик. Устознинг бошлари боғланган, бир аҳволда ётарди. Бориб, ҳол-аҳвол сўрадик, ётган жойида ҳам талабаларни ўйлаб, бугун дарсдан қолишадиган бўлди-да, деяптилар. Мен: “Устоз, ҳаммаси яхши. Ўрнингизга одам қўйдик. Буларни эмас, соғлиғингизни ўйланг”, дедим. Доктор билан гап­лашсак: «Бундай инсонни энди кўришим, боши ёрилиб қон оқиб турган бўлса ҳам, ўзини ўйламасдан: “Эсиз талабалар дарсдан қоладиган бўлди-да. Институтга телефон қилишим, уларни огоҳлантиришим керак”, деб турибдилар», деди.

Устоз камтар, қўли очиқ, саховатпеша, ҳадя беришни жуда яхши кўрар эди. Талабаларга бировларни восита қилиб эҳсон тарқатарди. “Устоз, ўз қўлингиз билан берсангиз бўлмайдими?” десам. “Йўқ, махфий эҳсон қилишнинг савоби улуғроқ”, дердилар.

Фидойи устознинг шогирдлари бугунги кунда турли соҳаларда ишлаб келмоқда.

 

Муҳаммадрасул АБДУЛЛАЕВ,

Тошкент Ислом институти “Ижтимоий фанлар” кафедраси мудири