Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур шу йил 18 – 23 ноябр кунлари Саудия Арабистони пойтахти Риёз шаҳрида бўлган ИҲТнинг Ислом фиқҳи академияси йиғилишида иштирок этди. Имом Муҳаммад ибн Сауд номидаги Ислом университетида ўтган йиғилишда молиявий муомалаларда эҳтиёткорлик, йўл қоидаларини бузган ҳайдовчиларга жазолар, истеъмол моллари ва дори-дармонларга қўшиладиган моддалар, ҳамкорлик суғуртасининг шаръий қонун-қоидалари, турли мазҳабдаги кишилар ўртасида яхши муомала каби долзарб мавзуларда маърузалар ўқилди, баҳс-мунозаралар бўлди. Бузғунчиларнинг мусулмонлар орасида фитна чиқариши, араб мамлакатларида давом этаётган кўнгилсиз воқеалар, Исроил-Фаластин уруши мавзуларида баёнотлар тингланди, қарорлар қабул қилинди.

Шайх Абдулазиз Мансур бузғунчилар қутқусига учиб айрим гуруҳларнинг жиҳод номи билан ноҳақ қон тўкишлари мавзусига тўхталди. Сўнгра мажлис иштирокчилари эътиборини яна бир муҳим масала – фазо-йўлдош каналлари, хусусан, Мисрнинг “ал-Фадй” телеканали орқали айрим руҳонийлар Ислом дини, Қуръони карим ва Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шаънларига бўҳтон тошлари отаётганига қаратди. Бундай ишларга барҳам берилмаса, Қуръони каримнинг “Мусулмон-мўминларга одамлар ичида энг яқин дўст бу – насронийлардир” мазмунидаги оятига зид ҳолат юзага келиши, низо чиқиши мумкинлигини таъкидлади.

Йиғилишда Ислом фиқҳи академиясининг 22-сессияси 2014 йили Қувайтда ўтказилиши эълон қилинди.