2014 йилнинг 24 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси мажлислар залида муфтий Усмонхон Алимовнинг “Оилада фарзанд тарбияси” китоби тақдимоти бўлиб ўтди.

Тақдимотда сўз олганлар “Оилада фарзанд тарбияси” китобида мавзуга доир кўплаб оятлар, ҳадислар, ибратли ривоят ва ҳикоялар жамланганини, “Исломда оиланинг ўрни”, “Фарзанд тарбияси – муҳим иш”, “Илму ҳунар ўргатинг”, “Одоб – боланинг кўрки”, “Овқатланиш одоби”, “Табриклаш одоби”, “Ижтимоий тарбия масъулияти” каби 200 дан ортиқ мавзулар содда ва халқчил тилда ёритилганини эътироф этишди. Асарда жамиятнинг энг муҳим бўғини ҳисобланган оила никоҳ воситасида юзага келиши, кўп асрлар мобайнида халқимиз орасида риоя қилиниб келинаётган шаръий никоҳнинг асл умуминсоний қадриятлар асосида оилани мустаҳкамлашда ўрни беқиёслиги, динимизда фарзанд тарбиясига юксак эътибор қаратилганини таъкидлашди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимовнинг “Оилада фарзанд тарбияси” китоби ўсиб келаётган ёш авлодни юксак маънавият, гўзал фазилатлар эгаси қилиб тарбиялашда ота-оналар ва устоз-мураббийларга ишончли қўлланма бўлади.