Яқинда Ўзбекистон мусулмонлари идорасида оммавий, диний-маърифий мавзудаги энг яхши ижодий ишлар бўйича “Сарҳисоб” танлови якунларига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Матбуот ва ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ҳамда Тошкент Ислом университети ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур танлов илк марта ўтказилаётганига қарамай, тақдим қилинган ижодий ишлар кўплиги ва муаллифлар доираси кенглиги билан алоҳида аҳамият касб этди. Зеро, танловдан мақсад – буюк аждодларимиз қолдирган бой меросни ўрганиш, миллий-диний қадриятларимизни тиклаш, динлараро бағрикенглик ва ҳамкорлик ғояларини янада оммалаштириш, халқимиз, айниқса, ёш авлод онгида ёт ғояларга қарши мустаҳкам иммунитетни шакллантириш бўйича амалга оширилаётган ишларни оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш, бу борада фаол меҳнат қилаётган ижодкорларни муносиб рағбатлантиришдан иборат.

Тадбирда ўринли қайд этилганидек, истиқлол йилларида халқимизнинг эмин-эркин ибодат қилишлари, динимиз арконларини тўлиқ адо этишлари учун қулай шароитлар яратилди. Истибдод даврида қаровсиз қолган юзлаб масжид ва мадрасалар, зиёратгоҳ ва қадамжолар тубдан таъмирланиб, ҳавас қилса арзигулик ҳолатга келтирилди. Энг асосийси, бу муборак манзиллар оддий зиёратгоҳ эмас, балки маънавий-руҳий тарбиянинг таъсирчан марказлари вазифасини ҳам ўтамоқда. Бундай оламшумул ишлар киши кўнглида шукроналик туйғуларини жўштиради, албатта. Шу баробарида бугунги шиддатли замон олдимизга қатор долзарб масалаларни ҳам кўндаланг қўймоқда. Хусусан, дин ниқоби остида турли бузғунчи ғояларни тарқатиб, тинчлик ва осойишталикка путур етказмоқчи бўлаётган қора кучларнинг жаҳолатга тўла фаолиятига қарши маърифат билан курашиш, мусаффо эътиқодимиз асосларини муҳофаза этиш, кенг омма, биринчи навбатда ёш авлодда дин ҳақида нотўғри тасаввур пайдо бўлишининг олдини олиш каби масалалар тобора долзарб бўлиб бормоқда.

Бу борадаги ишларни эса оммавий ахборот воситаларисиз амалга ошириб бўлмайди. Танловга тақдим этилган ижодий ишлардан хулоса қилиш мумкинки, оммавий ахборот воситаларида диний-маърифий мавзуга алоҳида эътибор қаратилаётир, муаллифлар доираси фақат соҳа ходимларидангина иборат бўлиб қолмаётгани диққатга молик. Демак, дину диёнат ҳимояси, аҳоли ўртасида маърифат зиёсини тарқатаётган ҳар бир қаламкаш ҳақли эътирофга лойиқдир.

Телевидение, радио, даврий матбуот ва интернет йўналишларида энг яхши деб топилган ижодий ишлар муаллифлари ҳамда ушбу йўналишларда алоҳида намуна кўрсатган тарғиботчилар махсус диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Эътиборлиси, танловнинг олий мукофотига “Ислом нури” газетаси таҳририяти муносиб деб топилди.

Тадбирда сўзга чиққанлар танлов ғолибларини самимий қутлаб, келгуси ишларида муваффақиятлар тиладилар. Ўз навбатида ғолиблар номидан сўз олганлар танлов ташкилотчиларига миннатдорликларини изҳор этиб, ушбу юксак эътироф диний-маърифий соҳадаги ишларни янада фаоллаштиришга ундашини таъкидладилар.

 

Акбаршоҳ РАСУЛОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими мутахассиси