Шу йилнинг январь ойи иккинчи ярмида Тошкент ислом институтида Тошкент вилояти шаҳар ва туманлари бош имом-хатибларининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиларининг ўқув – семинари бўлиб ўтди.

– Семинар машғулотлари давомида соф исломий ақидалар ва уларни ҳаётимизга татбиқ этиш; бугунги кунда дунё халқлари тинч-осойишта яшашларига таҳдид солаётган турли диний-экстремистик оқимларнинг мақсадлари, фаолияти тўғрисида; юртимизда баркамол она ва болалар улғайиши учун амалга оширилаётган муҳим тадбирлар ва уларнинг самаралари, шунингдек, аёлларнинг кундалик ҳаётимизда ва анъанавий урф-одатларни амалга оширишдаги ўрни ҳақида маърузалар тингладик, ўзимизни қизиқтирган саволларга ҳар томонлама тўлиқ жавоб олдик, дейди Пскент тумани бош имом-хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси Мукаррам Қиличхонова. – Бу билимларимиз кундалик ишимизда, айниқса, маҳаллаларда, ўқув даргоҳларида бўладиган учрашувларда, турли маросимларни ўтказишда катта ёрдам беради.

– Мен Бўка тумани имом-хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси вазифасига тайинланганимга кўп бўлгани йўқ, – деб суҳбатга қўшилди Турсуной Деҳқонова. – Семинарда маърузалар тинглаш билан бирга, бу вазифада анча йиллардан буён ишлаб келаётган отинойиларнинг тажрибалари, маслаҳатларини ҳам тинглаб, ўзим учун фойдали йўл-йўриқлар олдим.

Ўқув-семинарнинг якуни ҳам тингловчилар учун унутилмас бўлиб қолди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда Тошкент вилояти вакиллигининг масъул ходимлари иштирок этиб, 2014 йил якунлари бўйича эълон қилинган “Намунали маҳалла” танловининг ғолибларига, шунингдек, олиб борган ишлари натижаси бўйича “Энг намунали отинойи”, “Энг масъулиятли отинойи”, Энг фаол отинойи”, “Энг зиёли отинойи” номига муносиб топилган отинойиларга дипломлар топширилди.

Ўз мухбиримиз