Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари, исломшунос олим Айдарбек Тулеповнинг “ИШИД фитнаси” номли китоби муқаддас динимиз аҳкомларини ўз манфаатлари йўлида бузиб талқин қилиб, фитналари, хунрезликлари билан бутун дунёни ларзага солаётган ИШИД террорчиларининг асл мақсадларини фош этди.

20 февраль куни Тошкент ислом университетининг мажлислар залида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент шаҳри вакиллиги имом-хатиблари иштирокида  “ИШИД фитнаси” китобининг тақдимоти бўлиб ўтди. 

Тақдимотда сўзга чиққанлар бугунги кунда ушбу асарнинг аҳамияти беқиёс эканини таъкидлашди. Шунингдек, имом-хатибларга террорчиларнинг қилмишлари динимиз меъёрларига асло мос келмаслиги, “Ислом давлати” ниқоби остидаги жиноятчилар учинчи томоннинг буюртмасини бажараётгани ва бу ҳаракатлар замирида фақат қинғир манфаатлар ётганини “ИШИД фитнаси” китобидан фойдаланган ҳолда одамларга холис етказиш вазифаси юкланди.

Ҳозир Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг барча вилоятлардаги вакилликларида “ИШИД фитнаси” китобининг тақдимоти режа асосида ўтказилмоқда. Тақдимотларга идоранинг масъул ходимлари, мутахассислар, нотиқлар жалб этилган.