Февраль ойининг 17–24 кунлари Саудия Арабистони Подшоҳлиги Ҳаж ишлари вазирлиги таклифига биноан Дин ишлари бўйича қўмита раиси Ортиқбек Юсупов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов, раис ўринбосари, шайх Абдулазиз Мансур, идора матбуот котиби Жалолиддин Нуриддинов ва Тошкент ислом университети халқаро алоқалар бўлими мудири Ҳамиджон Ҳасановдан иборат Ўзбекистон ҳаж делегацияси мазкур мамлакатда хизмат сафарида бўлди.

 Сафар давомида делегациянинг Туркия, Европа, Америка ва Австралия ҳожиларига хизмат кўрсатувчи миллий муассаса ҳайъати аъзолари билан учрашуви бўлиб ўтди. Учрашув чоғи ҳайъат раиси Тариқ бин Муҳаммад сўнгги йилларда Ўзбекистон ҳаж ишчи гуруҳи билан муассаса ўртасидаги узвий ҳамкорлик алоқалари такомиллашиб бораётгани, бунинг натижасида ўзбекистонлик ҳожиларнинг ҳаж амалларини бажаришларида қулайлик ва енгилликлар яратилаётганини таъкидлади. Шунингдек, у юртимиз ҳаж ишчи гуруҳи ва ҳожи, умрачиларнинг Саудиядаги ишлари, тартиб-интизомлари бугунги кунда бошқаларга ўрнак бўладиган даражада эканини эътироф этди.