Жорий йилнинг 17–24 февраль кунлари Саудия Арабистони Подшоҳлиги Ҳаж ишлари вазирлиги таклифига биноан Дин ишлари бўйича қўмита раиси Ортиқбек Юсупов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов, идора матбуот котиби Жалолиддин Нуриддинов ва Тошкент ислом университети халқаро алоқалар бўлими мудири Ҳамидбек Ҳасановдан иборат Ўзбекистон Ҳаж делегацияси мазкур давлатда хизмат сафарида бўлди.

Сафарнинг биринчи куни Туркия, Европа, Америка ва Австралия ҳожилари учун хизмат кўрсатувчи миллий муассаса ҳайъати аъзолари билан  учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда  ҳайъат раиси Ториқ бин Муҳаммад Анқави сўнгги йилларда Ўзбекистон Ҳаж ишчи гуруҳи билан муассаса ўртасидаги ҳамкорлик янада такомиллашиб бораётганини алоҳида  таъкидлади. Ўтган ҳаж мавсумида ўзбекистонлик ҳожиларнинг зиёратлари тартибли ва уюшган ҳолда ўтганлиги қайд этилди. Шу куни Макка шаҳридаги транспорт хизмати ташкилотининг раҳбари Аҳмад бин Абдулла Самбава бошчилигидаги ҳайъат аъзолари билан ҳам учрашилди.

Сафарнинг иккинчи куни Ўзбекистон Ҳаж делегацияси Саудия Арабистони Подшоҳлиги Ҳаж ишлари вазири доктор Бандар бин Муҳаммад Ҳажжор  томонидан қабул қилинди. Қабул чоғида Ўзбекистон делегацияси томонидан подшоҳ Абдуллоҳ ибн Абдулазиз Оли Сауд вафоти муносабати билан таъзия изҳор этилди. Подшоҳ Салмон ибн Абдулазиз Оли Сауд раҳбарлигидаги барча хайрли ишлар ривожига самимий тилаклар билдирилди.

Ўз навбатида Ҳаж ишлари  вазири Ўзбекистон Ҳаж ишчи гуруҳининг тезкор фаолиятига тўхталиб, келгуси ҳаж мавсумида ҳам шундай яхши натижаларга эришишга умид боғлади. Ўзбекистон Ҳаж делегацияси ўтган ҳаж мавсумини тартибли  ва юқори даражада ўтказишда кўрсатилган ёрдам учун Ҳаж ишлари вазирлигига миннатдорчилик билдирди.

Шу куни Ўзбекистон ҳаж делегацияси раҳбари Ортиқбек Юсупов Саудия Арабистони Подшоҳлиги  телевидениеси мухбирига интервью берди.

Мазкур сафар тафсилотлари  Саудия Арабистони телевидениесидан ташқари  “Ал-Ватан” ва “Ал-Укоз” газеталарида ҳам кенг ёритилди.

Сафар давомида умра амалларини адо этаётган ўзбекистонлик зиёратчилар билан ҳам учрашилди. Маккадаги “Сафватут миъод”, Мадинадаги Файрузатул хайр” меҳмонхоналаридаги шарт-шароитлар ўрганилди, зиёратчилар билан суҳбатлашилди. Мулоқот чоғида зиёратчиларимиз яратилган шароит ва қулайликлар учун Ўзбекистон ҳукумати, шахсан Президентимизга самимий ташаккурларини изҳор қилган ҳолда мамлакатимизни тинч-осойишта, халқимизнинг ҳаёти янада фаровон бўлишини тилаб, дуолар қилдилар.

Зиёратчиларимизнинг муборак масканлардаги ибодат амалларини бажаришда, шунингдек, ўрнатилган тартиб ва талабларига риоя этишда бошқаларга намуна бўлаётганини ҳар бир маҳаллий муассаса ва ширкат мутасаддилари томонидан алоҳида эътироф этилиши делегация аъзоларида яхши таассурот қолдирди.

Сафарнинг охирги куни Ҳаж ишлари вазирлигининг Жидда шаҳридаги қароргоҳида 2015 йилги ҳаж мавсумини тартибли ўтказиш бўйича шартнома имзоланди. Унга кўра, Ўзбекистондан келадиган ҳожилар миқдори 5200 нафар киши этиб белгиланди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати