Яқинда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилояти вакиллиги ходимларининг маънавий-маърифий билимлари ва касбий маҳоратини оширишга қаратилган ўқув-семинар бўлиб ўтди. Машғулотлар беш гуруҳга бўлинган ҳолда олиб борилди. Унда аждодларимизнинг илмий меросида диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик ғоялари, ақидапараст оқимларнинг сохта даъволарига қарши уламоларнинг раддиялари, ИШИД фитнаси, Марказий Осиё ҳудудидаги тариқат йўналишлари ва уларнинг ижтимоий-диний вазиятга таъсири, диний жамоа ва ташкилотларнинг ижтимоий тармоқлар орқали фаолият юритишининг ўзига хос хусусиятлари каби долзарб мавзулар бўйича фикр алмашилди.

Тадбирга вилоятдаги олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари, маънавият тарғиботчилари, ҳуқуқшунослар жалб этилгани машғулотлар самарали ўтишига сабаб бўлди.

Уч кун давом этган машғулотлар ниҳоясида тингловчилар тадбир ташкилотчилари ва масъул­ларига ўз миннатдорчиликларини билдирдилар. Бундай ўқув машғулотлари тез-тез ўтказилиши мақсадга мувофиқ эканини таъкидлаб, юрт тинчлиги ва осойишталигини сўраб дуои хайрлар қилдилар.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати