Кўплаб олиму фозиллар етишиб чиққан юртларга Аллоҳнинг раҳмати ёғилади, илму ирфон тараққий топади. Албатта, бундай жойда осойишталик ҳукмрондир. Не бахтки, она-Ватанимиз ана шундай гўшалардандир.

Ислом оламининг беназир намояндалари бўлмиш Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Баҳоуддин Нақшбанд, Хўжа Аҳрор Валий каби буюк аждодларимиз қолдирган маънавий-маърифий мерослар наинки халқимиз, балки жаҳон маърифатпарварлари учун ҳам бебаҳо маънавий хазина экани шубҳасиз.

Она диёримизда яшаб ўтган буюк алломалар меросини ўрганиш билан бир қаторда уларнинг муборак номлари билан боғлиқ зиёратгоҳ ва қадамжоларни ободонлаштириш, талаб даражасида сақлаш ва инфратузилмасини такомиллаштириш ишларига давлат миёқсида эътибор бериб келинмоқда. Муҳтарам Юртбошимиз таъкидлаганидек: “Албатта, биз она заминимиз бағридаги ҳар бир моддий ва маънавий мерос намунасини кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, қайта тиклаш ва таъмирлаш бўйича қилаётган бу ишларимизни кимгадир намойиш қилиш, кўз-кўз этиш учун эмас, аксинча, келажагимизни ўйлаб, онгимиз ва қалбимиз даъвати билан амалга оширмоқдамиз. Токи эртага бизнинг ўрнимизга келадиган, биз бошлаган олижаноб ишларни муносиб давом эттиришга қодир бўлган ёшларимиз ана шу бебаҳо маънавий бойликдан баҳраманд бўлсин, шу асосда ўзининг кимлиги, қандай буюк зотларнинг авлоди эканини англаб етсин”.

Истиқлол сабаб миллий қадриятларимиз қайта тикланди. Узоқ йиллар давомида қаровсиз ва ташландиқ ҳолатда ётган тарихий ёдгорликлар, зиёратгоҳ ва қадамжолар қайта ободонлаштирилиб, халқимиз ихтиёрига топширилди. Бу борадаги хайрли ишларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги Муқаддас қадамжоларни сақлаш ва обод этиш хайрия жамғармаси муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.

Жамғарма томонидан кейинги икки йил давомида юртимиздаги қадамжо ва зиёратгоҳларни ободонлаштириш, Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги диний таълим муассасаларининг моддий техника базасини мустаҳкамлаш, шунингдек, ёрдамга муҳтож ташкилотлар ва кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш бўйича хайрия ишлари амалга оширилди.

Хусусан, Намангандаги “Мулла Қирғиз” ўрта махсус ислом билим юрти талабалари учун ёзги спорт майдончаси қуриб берилди. Шунингдек, дарслик адабиётлари, талабалар ётоқхонаси учун керакли жиҳозлар сотиб олишга моддий ёрдам кўрсатилди. Китоб туманидаги “Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти талабалари учун замонавий талабларга жавоб берадиган 80 ўринли шинам ошхона қурилиб фойдаланишга топширилди.

Ўтган йили жамғарма ҳомийлигида амалга оширилган яна бир хайрли иш – Кўкалдош ислом ўрта махсус билим юрти талабалари учун Тошкент вилояти Зангиота тумани Назарбек қишлоқ фуқаролари йиғини ҳудудида ётоқхона қурилиб фойдаланишга топширилгани бўлди. Ётоқхона 150 кишига мўлжалланган бўлиб, унда барча қулайлик ва шароитлар яратилган.

Муҳтарам Президентимизнинг “2013 – 2015 йилларда Хоразм вилоятида туризм соҳасини ривожлантириш дастури тўғрисида”ги (2013 йил 20 март) Қарорига мувофиқ, 2014 йил февраль ойида вилоятнинг Шовот туманидаги “Юсуф Ҳамадоний” мажмуасида кенг кўламли қурилиш-таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари бошланди. Мажмуадаги ишлар жамғарма ҳомийлигида босқичма-босқич амалга ошириб келинмоқда. Шунингдек, жамғарма молиявий кўмаги билан Қорақалпоғистон Республикаси Беруний туманидаги Султон Увайс Бобо зиёратгоҳида катта таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари бажарилиши натижасида зиёратчи ва меҳмонлар учун қулай шарт-шароитлар яратилди. Бундан ташқари Самарқанд шаҳридаги Шоҳи Зинда мажмуасида янги таҳоратхона қуриб фойдаланишга топширилди.

Жамғарма томонидан бу борадаги ишлар изчил давом эттириб келинмоқда. Зеро, муқаддас қадамжоларни сақлаш ва обод этиш буюк аждодларимиз хотирасига эҳтиром, келажак авлод олдидаги муқаддас бурч ҳисобланади.

 

Исахон АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги Муқаддас қадамжоларни сақлаш ва обод этиш хайрия жамғармаси ижрочи директори