ТОШКЕНТ. “Ёшлар ижод саройи”да ўтказилган семинар-тренингда давлат идоралари ва жамоат ташкилотлари вакиллари билан бир қаторда имом-хатиблар ва отинойилар ҳам иштирок этишди. Унда муқаддас Ислом дини номидан ҳадсиз бузғунчиликларни амалга ошираётган кучларнинг сохта даъволари хусусида фикр юритилди.

Шунингдек, Тошкент ирригация ва мелиорация институтида “Диний бағрикенглик – барқарорлик гарови” мавзуида давра суҳбати ташкил этилди.

* * *

БУХОРО. Жондор туманида ўтказилган “Огоҳлик – давр талаби” мавзуидаги тадбирда сўз олганлар юртимизда ҳукм сураётган осойишталикка шукрона айтиш ҳар бир фуқаронинг бурчи эканини таъкидлашди.

* * *

ХОРАЗМ. Қўшкўпир тумани Ғазавот қишлоғида “Ислом динида террорга ўрин йўқ” мавзуида тадбир бўлиб ўтди. Қишлоқ фаоллари иштирок этган мазкур тадбирда туман бош имом-хатиби ИШИД террорчи ташкилоти ва унинг кирдикорлари ҳақида алоҳида тўхталиб, уларнинг фаолияти исломга мутлақо зид эканига асосли далиллар келтирди.

* * *

ҚАШҚАДАРЁ. Китоб туманидаги “Хожа Бухорий” жоме масжиди мутасаддилари “Хотира ва қадрлаш куни” арафасида яна бир хайрли ишга қўл урдилар. Ҳомийларни жалб қилган ҳолда, Қайнарбулоқ қишлоқ фуқаролари йиғини ҳудудида яшовчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари йўқланиб, уларга совға-саломлар улашилди.

* * *

СУРХОНДАРЁ. Шўрчи туманидаги касб-ҳунар коллежида “Вояга етмаганлар ўртасида ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш” мавзуида бўлиб ўтган тадбирда динимизнинг фарзанд тарбиясида тутган муҳим ўрни, шунингдек, динлар ва миллатлараро тотувлик борасида сўз юритилди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими