Истиқлолимизнинг дастлабки кунлариданоқ жамият ҳаётини барқарор изга солиш, бошқарувни демократлаштиришга йўналтирилган ислоҳотлар босқичма-босқич амалга ошириб келинмоқда. Кўҳна тарих олдида қисқа бўлган бу даврда амалга оширилган эзгу ишлар, давлат ва жамият ҳаётидаги муваффақиятларнинг қай бирини олмайлик, уларнинг манбаи, кафолати юртимиздаги тинчлик ва барқарорлик эканига амин бўламиз.

Мустақиллик туфайли Диний жамоалар, ташкилотларга қонун доирасида очиқ иш юритиш имконига эга бўлди. Фуқароларимизга диний таълим олиш, хайрия ишларини олиб бориш, зиёратлар ташкил этиш, турли динлар, конфессиялар орасида мулоқот ўрнатишда тенг ҳуқуқлар берилди. Ўзбекистон Республикасининг “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонуни қабул қилиниб, эътиқод эркинлиги кафолатланди. Ушбу қонун ҳар бир шахснинг виждон эркинлиги ва диний эътиқод масаласида фуқароларнинг тенглигини таъминлайди, шунингдек, диний ташкилотларнинг фаолияти билан боғлиқ муносабатларни тартибга солади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси диёримиз мусулмонларини бирлаштирувчи, маънавий раҳбарлик ва ҳомийлик қилувчи марказий диний ташкилот ҳисобланади. Ўзбекистон мусулмонлари идораси Қуръони карим, ҳадиси шариф, ҳанафий мазҳабимиз ҳукмлари асосида фаолият олиб боради, мамлакатимиздаги бағрикенгликни қўллаб-қувватлайди.

Диний идорамиз тизимида ходимлар ва талабаларнинг ҳуқуқий билимларини оширишга катта эътибор бериляпти. Муҳтарам Юртбошимиз ташаббуси билан ташкил этилган “Имом Бухорий” Халқаро марказида диний идора тизимидаги ташкилотлар, яъни масжидлар имом-хатибларининг 914 нафари билим ва касб малакаларини оширишди. Тўққиз ҳафталик ўқув жараёнида имомларимиз йигирма соатдан ортиқ дарс жараёнларида Ўзбекистон Конституциясини, Қонун ва фармонларни ўрганишади, ҳуқуқий билим малакаларини оширишади. Жумладан, ўқув машғулотларида имом-хатиблар “Ҳукуматимиз томонидан Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг виждон эркинлиги кафолатланиши”, “Ўзбекистонда диний ташкилотларни рўйхатга олиш тартиби”, “Ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамияти вазифалари”, “Инсон ҳуқуқ ва манфаатларини қонуний ҳимоя қилиш тартиби”, “Фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамланган ҳуқуқ ва эркинликлари” каби мавзуларда маърузалар тинглашади. Шунингдек, масжидларда иш юритиш ва ҳужжатлар билан ишлаш борасида мукаммал маълумотга эга бўлишади. Ўқув жараёни охирида фанлар бўйича мутахассислар имтиҳонидан ўтишади. 2011 йили масжидларда иш юритиш бўйича махсус қўлланма нашр этилиб, барча масжидларга берилди. Жорий йилдан бошлаб Юртбошимизнинг “Истеъдод” жамғармаси масофали ўқитиш марказида “Таълим муассасалари бошқаруви” курси бўйича диний билим юртлари раҳбарларининг малака ошириши йўлга қўйилди.

Диний илм масканларида ижтимоий фанлар қатори ҳуқуқшунослик фани ҳам ўқитилади. Жумладан, Тошкент Ислом институтининг ўқув дастурида 114 соат дарс Ўзбекистон Республикаси Конституциясини ўрганишга ажратилган. Ислом ҳуқуқи, хусусан, фиқҳни ўрганишга 408, ақоид, фароиз каби фанларга 749 соат дарс ажратилган. Ислом ўрта махсус билим юртларида ушбу фанларни ўрганиш учун салкам 740 соат ажратилган. Буларнинг барчаси талабаларнинг, яъни бўлғуси имом-хатиб ва мударрисларнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга қаратилган эътибор натижасидир. Вазирлар Маҳкамасининг “Дин соҳасидаги маънавий-маърифий, таълим ишларини ва фаолиятни янада такомиллаштиришда ижтимоий кўмак ва имтиёзлар бериш тўғрисида”ги қарори билан 2003 йилдан бошлаб Ислом институти ва ўрта махсус билим юртлари битирувчиларининг дипломлари давлат таълим ҳужжати сифатида эътироф этилиб, уларга олий таълим тизимида ўқишни давом эттириш ҳуқуқи берилди.

Юртимизда шаръий никоҳ ўқилишини расмий имомлар амалга оширишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идораси “Шаръий никоҳдан ўтиш одоблари” ҳақида Фатво (1996 йил 9 июн) қабул қилган. Ноқонуний тарзда шаръий никоҳ ўқилиши олдини олиш ва оталикни белгилашда юзага келаётган муаммоларни бартараф этиш мақсадида 2007 йил 24 апрелдан махсус никоҳнома қоғозини амалга киритди.

Барча масжидларда Ўзбекистон мусулмонлари идораси буйруғи асосида ишлаб келаётган имом-хатиблар, уларнинг ноиблари билан идора ўртасида меҳнат қонунчилигида белгиланган намунада меҳнат шартномалари тузилган, меҳнат дафтарчаларини юритиш йўлга қўйилган. Масжидларнинг республика миқёсида бир хил намунада ҳисобот бериши жорий этилди. Ҳисоботларнинг тўғри ва ўз вақтида топширилишини идоранинг тафтиш ҳайъати назорат қилади.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкин, динлараро ва миллатлараро бирлик ҳамда фуқаролар виждон ва эътиқод эркинлиги таъминланган шароитда диний идорамиз ҳуқуқий демократик, фуқаролик жамиятини қуриш, ёш авлодни Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш, аҳолининг маънавий дунёсини бойитиш ишига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.

 

 

Икром МАРДОНОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳуқуқшуноси