Шу йил 24–31 март кунлари Саудия Арабистони Подшоҳлигининг Ҳаж ишлари вазирлиги таклифига биноан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов, раис ўринбосари Айдарбек Тулепов, фатво бўлими бошлиғи Абдулҳамид Турсунов, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Ортиқбек Юсупов Саудия Арабистонида хизмат сафарида бўлишди.

Вакилларимиз ҳаж назорати ва унга тобе муассасалар, ширкатлар билан 2012 йилги ҳаж мавсумига доир шартнома ва битимлар тузиш мақсадида Бирлашган вакилликлар миллий муассасасининг Мадина шаҳридаги шўъба ҳайъати аъзолари билан, Ҳаж ишлари вазири Бандар ибн Муҳаммад Ҳажжор билан, Бирлашган вакилликлар уюшмаси раҳбари Форуқ Солиҳ Абу Зайд бошлиқ ҳайъат аъзолари билан, Туркия, Оврупа, Америка ва Австралия ҳожиларига хизмат кўрсатувчи миллий муассаса ҳайъати аъзолари билан учрашишди. Макка шаҳри транспорт хизмати касаба уюшмаси аъзолари билан ҳам шартномалар имзоланди. Шунингдек, вакилларимиз бу йилги ҳаж мавсумида ҳожиларимиз яшаши учун ижарага олинадиган меҳмонхоналар шароитлари билан танишишди, таклиф ва мулоҳазалар билдиришди.

 

Ибодулло АҲРОРОВ