Шу йил 4 апрел куни Сингапур Республикаси ташқи ишлар вазири Масагос Зулкифл бошлиқ меҳмонлар Сингапур Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Зулкифлий Баҳаруддин ва Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги ходими Нуриддин Убайдуллаев ҳамроҳлигида “Ҳазрати Имом” мажмуасига келишди. Меҳмонлар мажмуадаги тарихий ёдгорликларини томоша қилишди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонасида сақланаётган ҳазрат Усмон Мусҳафи ва бошқа нодир қўлёзмалар тарихи билан танишишди. Сингапур Республикаси ташқи ишлар вазири Масагос Зулкифл кутубхонага Сингапурда нашр қилинган Қуръони каримнинг митти нусхаси ва эсдалик совғасини топширди.

* * *

5 апрел куни Кипр Республикаси ташқи ишлари вазири Эрато Козак Маркулис хоним бошлиқ меҳмонлар “Ҳазрати Имом” мажмуасига келишди. Меҳмонлар “Ҳазрати Имом” мажмуасидаги тарихий обидаларни, янги бунёд этилган биноларни томоша қилишди. Кипрлик меҳмонлар “Бароқхон” мадрасасида халқ амалий санъати намуналари билан танишишди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонасида сақланаётган ҳазрат Усмон Мусҳафини зиёрат қилишди. Кипр ташқи ишлар вазири Эрато Козак Маркулис хоним таассуротлари ҳақида, жумладан, бундай деди: “Юртингизга келишимдан олдин бу диёр ҳақида оз нарса билар эдим. Энди ўша билганларим катта денгиздан қатра эканига амин бўлдим. Чиндан ҳам Ўзбекистон қадимий Тошкент, кўҳна Самарқанду Бухоро, Хива каби бой тарихга эга шаҳарлари билан гўзал ва обод экан. Юртимга қайтгач, ватандошларимга албатта бу диёрни зиёрат қилиш кераклигини таъкидлайман”.

Мухбиримиз