Шу йил 1 декабрь куни Саудия Арабис­тони “ал-Ҳидоя” халқаро ширкати раҳбари Солиҳ Салим Боҳавайний бошлиқ делегация Ўзбекистон мусулмонлари идорасига ташриф буюрди. Меҳмонларни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов қабул қилди.
Ўзаро суҳбат чоғида “Умра – 2016” мавсумида ўзбекистонлик зиёратчиларга хизмат кўрсатиш бўйича “ал-Ҳидоя” ширкати билан диний идора ўртасида имзоланадиган шартнома бандлари ва баҳор ойларида умрани муваффақиятли ташкил этиш, Рамазон ойида умра сафари бўйича амалга ошириладиган ишлар муҳокама этилди.
Шунингдек, томонлар “Умра – 2016” мавсуми шартномасига киритилган янги таклифлар, меҳмонхона ва транспорт хизматини янада такомиллаштириш ва бошқа муҳим масалалар юзасидан ўзаро фикр-мулоҳаза алмашишди. Эслатиб ўтамиз, келаётган янги мавсумда ҳам юртимиздан 6 минг нафардан ортиқ зиёратчи умра нияти билан муқаддас Макка ва Мадина шаҳарларига бориши кўзда тутилган.
Муҳаммад Акмалхон ШОКИРОВ, 
Ўзбекистон мусулмонлари идораси 
Халқаро алоқалар бўлими мудири