Мустақиллик, озодлик, эркинликнинг ўзбек халқига берган имкониятлари чексиз. Ўзбекистон дея аталувчи диёр айнан истиқлол сабаб бугун чирой очмоқда. Юртда фаровонлик, элда осудалик ҳукм сурмоқда. Тинчлик ва хотиржамлик илм-фан, иқтисод, саноат каби соҳалардаги янгидан-янги ютуқларимизга замин яратмоқда. Буларнинг барчаси, таъкид жоизки, мустақиллик йилларида шахдам қўйилган залворли одимларнинг натижасидир.
Истиқлолга эришилгач, ўтган чорак асрга яқин вақт ўзбек халқи танлаган йўлнинг нақадар тўғрилигини исботлаб берди. «Тарихий хотирасиз келажак йўқ» деган эътироф барча ишларимизда тамойил вазифасини ўтади. Аввало, бобокалонларимизнинг бой илмий мерослари ўрганилди, уларнинг хоки поклари мангу қўним топган масканлар обод этилди, осори-атиқалар қайта тикланди. Келажагимиз эгалари бўлган ёшларни буюк аждодларга муносиб ворис этиб тарбиялашга жиддий эътибор қаратилди. Юртимиз фуқаролари тоат-ибодатларини эмин-эркин адо этиш­лари учун шароитлар яратилди. Мустақиллик йилларида минглаб мўмин-мусулмонлар ҳаж ва умра ибодатларини адо этиб келаётганлари, барча қулайликларга эга муҳташам масжидларнинг қад ростлаётгани, ҳар томонлама етук, диний ва дунё­вий билимларни пухта эгаллаган юксак маънавиятли кадрлар тайёрлайдиган ўрта махсус ислом билим юртларининг ташкил этилгани – муқаддас динимизга берилаётган юксак эътибор намунасидир.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган, намозни баркамол ўқиган, закот берган ва фақат Аллоҳдангина қўрққан кишилар обод қилурлар. Айнан ўшалар ҳидоят топувчилардан бўлишлари мумкин” (Тавба, 18).
Масжидлар қуриш ва уни обод этиш азалдан шарафли иш саналади. Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган кишиларгина бу масъулиятли вазифани зиммаларига оладилар. Шу сабабли бу иш учун Аллоҳ таоло улкан ажру савобни ваъда қилмоқда. 
Алҳамдулиллоҳ, истиқлол боис юртимизда бундай савобли ишлар кўплаб амалга оширилмоқда. Жумладан, 2007 йилда Юртбошимизнинг ташаббуслари билан “Ҳазрати Имом” маж­муаси барпо этилди. Мазкур муҳташам мажмуа бугунги кунда дунёнинг турли ўлкаларидан келаётган сайёҳлар, юртимизнинг барча ҳудудларидан ташриф буюраётган зиёратчиларда ўчмас хотира қолдираётганига гувоҳ бўлиш мумкин.
Ана шу савобли ишларнинг узвий давоми сифатида 2013 йилда Тошкент шаҳрининг Минор маҳалласи ҳудудида масжид барпо этишга киришилди. Оппоқ мармардан бунёд этилган, бугун юртимизга келаётган ҳар бир инсоннинг кўзини қувнатиб турган “Минор” масжиди намозхонлар хизматида.
Шунингдек, Ўзбекистон мусул­монлари идораси ташаббуси ва ҳукуматимиз раҳнамолигида юртимиздаги масжидлар таъмирланмоқда ва янгилари бун­ёд этилмоқда. Шулар қаторида бизнинг “Жўрабек” жоме масжидимизни ҳам янгидан қуриш ишларига рухсат берилди. Мустабид тузум даврида юртимиздаги кўплаб масжид-мадрасалар сингари у ҳам қаровсиз аҳволда эди. 1943 йилга келиб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ташкил этилганидан ке­йингина қайта фаолият бошлаган эди. Мустақилликка эришганимиздан сўнг барча диний мас­канлар каби масжидимизга ҳам эътибор қаратилди. 
 Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ташаббуси билан 2015 йил 11 декабрда масжидимизни янгидан қуриш ҳақида Тошкент шаҳар ҳокимининг қарори қабул қилинди. Тошкент шаҳар архитектура бош­қармаси томонидан  шаҳарсозлик меъёрлари ва қоидаларига мувофиқ равишда масжидимизнинг намунали лойи­ҳаси ишлаб чиқилди.
Юртимизда яшариш ва янгиланиш байрами – Наврўз кезаётган бир палла "Жўрабек" масжиди аҳли учун янада қувончли бўлди. Жорий йилнинг 18 март куни жоме масжидимизнинг янги биносининг биринчи ғишти қў­йилди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов бошчилигида таниқли уламолар ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита бўлим бошлиғи Муҳаммадбобур Йўлдошев ҳамда фахрий имомлар масжиднинг биринчи ғиштини қўйиб бердилар. Қуръон тиловати қилиниб, ўтганлар ҳақига бағишланди. Тинч-осуда Ватанимиз, фаровон ҳаётимизнинг давомийлигини сўраб хайрли дуолар қилинди.
Шу кунларда ушбу савобли ишга барча мутасадди ташкилотлар ўз ҳиссаларини қўшмоқда. Қурилишнинг барча сарф-харажатлари Ўзбе­кистон мусулмонлари идораси маблағлари ҳисобидан қопланмоқда. Қолаверса, халқимиз ҳам азалий қадриятимиз бўлган ҳашар йўли билан барча ишларда бизга камарбаста бўлмоқдалар.
Абу Зарр (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: “Ким Аллоҳ йўлида бир масжид қурса – у қуш уясичалик бўлса-да, Аллоҳ ҳам унинг учун жаннатда бир кўшк қуради” (Имом Абу Шайба). Англашиладики, масжид қуриш савоби улуғ, Яратганнинг даргоҳида маъқул кўриладиган ишлардан. Шу боис уста ва қурувчилар бу савобли ишга ўз ҳиссаларини қўшаётганларидан бахтиёр ҳолда бор маҳоратларини қўллаб, ғайрат ва шижоат билан ишламоқдалар. Қалблари имон нури ила тўла халқимиз, бу ишда камарбаста инсонларнинг саъй-ҳаракатлари билан миллий меъморчилигимиз анъаналарини ўзида мужассам этган бу муҳташам масжидимиз яқин вақтларда юртимиз мўмин-мусулмонлари ихтиёрига топширилади, иншоаллоҳ!
 
Абдулҳаким қори КОМИЛЖОН ўғли,
Тошкент шаҳридаги “Жўрабек” жоме масжиди имом-хатиби