Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Сурхондарё вилоятидаги вакили Эргашали РУСТАМОВ билан суҳбат

– Бугун дунёнинг турли нуқталарида бўлаётган қарама-қаршилик, қонли тўқнашувлар келтириб чиқараётган зиддиятлар барчани ҳушёрликка чорламоқда...
– Сўнгги йилларда ақидапараст оқимлар ёшлар онгига  диний экстремистик мазмундаги ғояларни сингдиришда интернет тармоғидан унумли фойдаланмоқда. Айниқса, ўзини “Ислом давлати” (ИШИД) деб атаган террорчи ташкилотлар тарғибот-ташвиқотлар олиб бориб, дунёнинг кўплаб мамлакатларидаги ёшларни ўз сафларига қўшиб олиш учун уларни тинч-хотиржам ҳаёт кечираётган Ватанини тарк этишга тарғиб қилмоқда. Ваҳоланки, бегона юртларда ёмон ниятлар билан сарсон-саргардон юриш, киндик қони тўкилган Ватани ва халқига қарши қурол кўтариш Ислом таълимотига мутлақо зиддир. Кейинги йилларда диний-экстремистик ва террорчи ташкилотлар бир давлатда яшаётган турли миллат вакиллари ўртасида миллатчилик ва айирмачиликни келтириб чиқариш йўли билан ихтилоф ва низоларни вужудга келтиришга уринмоқда. Улар ўз манфаатлари йўлида Ислом динининг асл моҳиятини бузиб, ғаразли мақсадларига мослаб талқин қилиб, жамиятда тартибсизлик ва парокандаликни юзага келтириш, асосий таҳдид манбаи сифатида одамлар онгу шуурини эгаллаш орқали ҳокимиятга эришишни кўзлайди.
Юртимизда диний экстремизм ва терроризмга қарши курашиш ва халқ онгида тўғри тушунча ҳосил қилиш мақсадида кўплаб китоблар чоп этилмоқда. Ёшлар ёт ғоялар таъсирига тушиб қолмасликлари учун ушбу қўлланмалар ишончли манба бўлиб хизмат қилмоқда. Бундай таҳликали замонда Ислом динининг асл моҳиятини тушунтириб, Қуръон оятлари ва ҳадиси шарифлардан далиллар келтириб, Ислом тинчлик дини эканини халқимиз онгига сингдиришимиз, ёт ғояларга қарши мустаҳкам иммунитет ҳосил қилишимиз лозим. Зеро, Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Мўмин зийрак, эҳтиёткор ва оқил бўлади”, деб таъкидлаганлар.
– Мустақиллик йилларида вакиллик амалга ошираётган ишлар ҳақида сўзлаб берсангиз.
– Ҳозирги пайтда вилоятимизда юзга яқин жоме масжид фаолият олиб бормоқда. Масжид имомлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси, вилоят вакиллиги, вилоят, шаҳар ва туман ҳокимлиги ҳамда бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда кўплаб маънавий-маърифий тадбирларда фаол иштирок этишмоқда. Вакиллик вилоятдаги кам таъминланган оилаларга, меҳрибонлик, мурувват-саховат уйларига доимий равишда моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиб келмоқда.
Имом-хатиблар режа асосида қишлоқ ва маҳаллаларда, ўқув даргоҳларида долзарб мавзуларда суҳбатлар ўтказишмоқда. Айниқса, уларнинг Имом Бухорий халқаро марказида ўз касбий маҳоратларини ошириб қайтишаётганини алоҳида қайд этгим келади. Марказдаги машғулотлар имомлар ўз билим ва кўникмаларини ҳозирги замон талаблари асосида янгилаб, мустаҳкамлаб олишларига ёрдам бермоқда.
Қувонарлиси, “Йил имоми”, “Сарҳисоб” каби республика кўрик-танловларида имом-хатибларимиз фахрли ўринларга сазовор бўлишмоқда. Муборак ҳаж ва умра зиёратига борувчи фуқароларга билимли, иқтидорли, малакали имом-хатиблар гуруҳ раҳбари сифатида тайинланмоқда. Улар жойларда ўтказилаётган “ИШИД фитнаси”, “Ислом ва ақидапараст оқимлар” ва “Интернетга ин қурган ўргимчаклар” китобларининг тақдимотида маърузалар билан қатнашмоқдалар.
Бугун биз эътироф этаётган муваффақиятлар катта йўл бошидаги дастлабки қувончли қадамлар, дейиш мумкин. Юрт ободлиги, халқ фаровонлиги йўлида очилган имкониятлар эса йилдан-йилга кенгайиб, кўпайиб бормоқда.
Аллоҳ берган моддий-маънавий неъматларга шукрона билан, авлодларимизга бундан-да файзли-фаровон кунларни тилаб қилган дуоларимиз меҳнатларимизнинг хайрли натижаларини берсин.
 

Сурайё НОРМАНОВА
суҳбатлашди.