Ҳар йили Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги ўқув даргоҳлари ўқитувчи-педагоглари ўртасида "Йил ўқитувчиси" кўрик-танлови ўтказиб келинмоқда. Бу йилги танлов "Хадичаи Кубро" номидаги аёл-қизлар ўрта махсус Ислом билим юртида бўлиб ўтди.

Тадбир Қуръон тиловати билан бошланди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари шайх Абдулазиз Мансур барча иштирокчиларни муборакбод этиб, жумладан, шундай деди:

– Ёшлар онгига Ватанга садоқат руҳини сингдириб бориш муҳим аҳамиятга эга. Шунинг учун ҳам таълим-тарбия ўта нозик жараён ҳисобланиб, у тўғри йўналтирилсагина, билим олган шогирд камолга етиб, эл-юртига манфаат келтиради. Улуғ аждодларимизнинг бой тажрибасидан унумли фойдаланиш, бебаҳо қўлёзмалар ва нодир асарларни чуқур ўрганиб, барча билимларни пухта ўзлаштирган, соф маърифий Исломни халқ орасида тарғиб эта оладиган мутахассисларни тайёрлаш сиз, диний таълим муассасалари мударрис-ўқитувчилари, азиз устозлар олдида турган муҳим вазифадир. Бугунги танловда билим юртларида ҳар томонлама энг намунали деб топилган ўқитувчилар ўз билим ва маҳоратларини намойиш қилишади. Иштирок этаётган барча мударрисларга омад тилаймиз. Масъулиятли ва шарафли хизматлари мукофотини Аллоҳ таолонинг Ўзи кўпайтириб беришини сўраймиз.

Танловда Тошкент Ислом инс­титути ва ўрта махсус Ислом билим юртларидан жами тўққиз нафар мударрис қатнашди. Улар араб тили, фиқҳ, ақоид, педагогик вазият ва севган машғулотлари ҳақидаги саволларга жавоб бердилар. Шунингдек, ҳайъат аъзолари мударрисларнинг оммавий ахборот воситаларидаги чиқишлари, услубий, ижодий ишларидан намуналар ҳамда дарс жараёнида техник воситалардан қай даражада фойдаланишлари билан танишдилар.

Тошкент Ислом институти ўқитувчиси Абдуҳаким Орипов биринчи, "Мир Араб" ўрта махсус Ислом билим юрти ўқитувчиси Исматулло Холназаров иккинчи, "Мулла Қирғиз" ўрта махсус Ислом билим юрти ўқитувчиси Обидхон Икромов учинчи ўринни эгаллашди. Ғолиблар диплом ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси мукофотлари билан тақдирландилар.

Танловда иштирок этган барча ўқитувчиларга Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг эсдалик совғалари ҳамда мақтов ёрлиқлари тақдим этилди.

Байрам байрамга уланди – эртаси куни "Хадичаи Кубро" билим юрти "2011 йил – Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили" ҳамда "2012 йил – Мустаҳкам оила йили" муносабати билан ўтказилган "Моҳир қўллар" беллашувига ҳам мезбонлик қилди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги Тошкент Ислом институти ва ўрта махсус Ислом билим юртлари қизлари иштирок этишди.

"Музайяна", "Озод замин зеболари", "Саодат гулшани" ва "Ноёб нафосат дурдоналари" гуруҳларининг қай тартибда чиқишлари қуръа асосида аниқлаб олинди. Ижодий мавзу бўйича қизларнинг чиқишлари кеча файзига яна-да файз қўшди. Иштирокчилар савдо кўргазмасидаги буюмлари, турфа пишириқлари билан ўқиш давомида касб-ҳунар сирларини, уй бекалиги санъатини ҳам пухта эгаллаб бораётганларини намойиш қилдилар.

Саккиз шарт бўйича беллашган гуруҳларни Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, "Мовароуннаҳр" нашриёти муҳаррири Муҳтарама Улуғова бошчилигидаги ҳакамлар ҳайъати баҳолаб борди. Ўзбекона одобу назокат, ҳунар, санъат ва топқирликда гуруҳлар аъзолари бири биридан қолишмаслигини намойиш қилдилар.

Тадбирга йиғилганлар қизларнинг билими, маҳорат ва иқтидорини чин дилдан олқишладилар. Ҳақиқатан ҳам ўқув даргоҳларида озод замин зеболари камолга етаётгани ҳаммани қувонтирди.

 

Жалолиддин НУРИДДИНОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси таълим ва кадрлар таёрлаш бўлими бошлиғи