Шу йил 8–12 июн кунлари татар халқи Ислом динини қабул қилганига 1100 йил тўлиши муносабати билан "Муборак булғор йиғини" ўтказилди. Йиғин доирасида тарихий "Оқмасжид" жомеининг очилиш маросими бўлди. Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Абдураззоқ Юнусов ва Дин ишлари бўйича қўмита бўлим бошлиғи Муҳаммадбобир Йўлдошев иштирок этди.

8 июн куни ўзбекистонлик меҳмонларни Татаристон Республикаси диний ташкилотлар билан алоқалар бошқармаси бошлиғи Марат Гатин қабул қилиб, ўлка Президенти Рустам Минниханов номидан миннатдорлик билдирди.

9 июн куни Қозон шаҳрида "Миллий тикланиш ва Ислом" мавзуида III халқаро анжуман очилди. Унда юксак мартабали меҳмонлар, дин арбоблари ва жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Эртаси куни "Оқмасжид"нинг тантанали очилиш маросимидан сўнг меҳмонлар татар халқининг фахри бўлган 2,0х1,5 метр катталикдаги Қуръони каримни ҳам зиёрат қилишди. Шунингдек, кўҳна пойтахт бўлмиш Булғор шаҳарчасининг диққатга сазовор жойларига ҳам сафар уюштирилди.

Булғор шаҳарчаси Татаристоннинг Спасск туманида, Қозон шаҳридан 200 чақирим масофада, Волга дарёсининг чап соҳилида жойлашган. Саккиз мингдан ортиқ киши яшайди.

11 июн, душанба куни Татаристон муфтийси Илдус Файзов ўзбекистонлик меҳмонларни қабул қилди. Муфтий Марказий Осиёдан етук олимлар, диний уламолар етишиб чиққанини эслаб, Ўзбекистонда диний эътиқод эркинлиги тўла таъминланганидан хабардорлигини айтиб ўтди.