Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов Ислом олами уюшмаси (Робита) бош котиби доктор Абдуллоҳ Абдулмуҳсин Туркийнинг таклифига биноан июн ойининг 13–20 кунлари Саудия Арабистони Подшоҳлигида сафарда бўлди ва уюшманинг 41-таъсис мажлисида қатнашди. Ислом олами уюшмаси 1962 йили Саудия Арабистонининг Макка шаҳрида ташкил этилган. Бош қароргоҳи Маккада, Мадина, Риёз ва Жидда шаҳарларида бўлимлари бор. Робитанинг асосий мақсади соф диний тушунчаларни кенгроқ ёйиш ва одамлар онгига сингдиришдан иборат. Уюшма таркибида саккизта турли йўналишга ихтисослашган бўлимлар бор. Олий органи Таъсис мажлиси тўртта мувофиқлаштирувчи кенгашдан иборат. Ташкилот 1974 йилдан бери БМТ қошида маслаҳатчи мақомига эга.

Робита қошида ташкил этилган “Бутун дунё уламолари ҳайъати” бош маслаҳатчиси Доктор Муҳаммад Нур Раҳвон муфтий Усмонхон Алимовга мазкур ҳайъат раиси доктор Саъд Али Шаҳронийнинг мактубини топширди.

Робитанинг Макка шаҳри яқинидаги қароргоҳида Ислом олами уюшмасининг Бош котиби доктор Абдуллоҳ Абдулмуҳсин Туркий муфтий Усмонхон Алимовни қабул қилди. Доктор Абдуллоҳ Робита билан Ўзбекистон халқи ўртасида дўстлик ва биродарлик келажакда янада мустаҳкам бўлади, деб ишонч билдирди ва диёримиздан Ислом олами ва мусулмонларга буюк асарлари билан хизмат қилган Имом Бухорий каби зотлар етишиб чиққани ва уларнинг асарлари дунёдаги барча мусулмонларга мерос экани ҳақида сўз юритди.

Робитанинг 41-таъсис мажлиси 16 июн куни Бош қароргоҳда ўз ишини бошлади. Қуръони карим тиловат қилинди. Кейин Саудия Арабистони Бош муфтийи Шайх Абдулазиз Абдуллоҳ Оли Шайх сўз олиб, Робита фаолияти ва унинг таъсис мажлиси аъзолари хизматига юксак баҳо берди. Робита Бош котиблигига шу вазифани бажараётган доктор Абдуллоҳ Абдулмуҳсин Туркий номзодини кўрсатишни ва уни қўллаб-қувватлашини билдирди. Таъсис мажлиси аъзолари унинг таклифини бир овоздан маъқуллашди.

Мажлисга раислик қилувчи доктор Абдуллоҳ Туркий Робитанинг ўтган беш йилда Ислом олами ва мусулмонларга хизмат йўлида олиб борган фаолияти ва келажакда қилиниши керак бўлган муҳим ишлар тўғрисида сўзлади.

Танаффус вақтида Робита қошидаги илмий ишлар ва анжуманлар ўтказиш бўлими мудири Раҳматуллоҳ Иноятуллоҳ, Робита Бош котибининг янги ёрдамчиси доктор Одил Шуддий муфтий ҳазратлари билан суҳбатда бўлди.

Бош котиб доктор Абдуллоҳ Туркий мажлиснинг иккинчи қисмида Ислом олами муаммолари хусусида маъруза қилди. Унда Ислом бирдамлиги, Фаластин ва Ақсо масжиди, Сурия, Ливия, Яман, Ироқ, Афғонистон, Сомали, Жанубий Филиппин, Қибрис ва оз сонли мусулмонлар яшайдиган давлатлардаги вазият ҳақида сўз юритди.

Йиғилишнинг иккинчи куни таъсис мажлисига ўн етти давлатдан таклиф этилган янги аъзолар номзоди мажлис иштирокчиларига ҳавола этилди. Улар орасида Ўзбекистондан муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ҳам бор эди. Муфтий ҳазратлари Робита таъсис мажлисига аъзо бўлгани муносабати билан ташкилот Бош котиби ва қатнашчиларга ташаккурини изҳор этиб, жумладан, бундай дедилар:

“Мазкур халқаро Ислом ташкилоти фаолиятида иштирок этишим мустақил Ўзбекистон мусулмонлари ҳаётидаги муҳим ҳодиса деб биламан.

Ислом олами уюшмасига асос солинган кундан бошлаб ҳозиргача бу ташкилот ўзига юклатилган барча яхши ишларни, жаҳон халқлари ўртасида соф Ислом таълимотини тарқатиш каби муҳим вазифани пухта бажариб келмоқда. Ўз навбатида, биз ҳам бу халқаро уюшма билан Ислом маърифати ва маданиятини халқлар ўртасида мустаҳкамлашда, иншааллоҳ, ҳамкорлик қиламиз. Зеро, Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ зотдир” (Моида, 2).

Юртимиз истиқлолга эришгандан кейин ватанимиз мусулмонларининг диний ҳақ-ҳуқуқлари тикланди. Шаҳар ва қишлоқларда янги масжидлар қурилди. Тошкент Ислом институти, Ислом университети, Ислом ўрта-махсус билим юртлари ишлаб турибди. Ҳар йили Ватанимиздан муборак ҳаж сафарига беш мингдан, умра сафарига эса олти мингдан ортиқ киши бормоқда. Диний муассаса кутубхоналарида улуғ аждодларимизнинг нодир қўлёзмалари сақланмоқда. Ота-боболаримизнинг бу асарлари дунё маданияти ривожига катта ҳисса бўлиб қўшилгани барчага маълум.

2008 йили Самарқандда Имом Бухорий халқаро маркази қуриб, ишга туширилди. Бу иш ҳам ҳадис илми султони Имом Бухорийнинг бой меросини ўқиб-ўрганишга берилаётган катта эътибор натижасидир.

Мен яна бир бор Саудия Арабистони халқи ва ҳукуматига, Икки Ҳарам ходими подшоҳ Абдуллоҳ Абдулазиз жанобларига ҳамда Ислом олами уюшмасининг барча масъул раҳбарларига холис ҳурмат ва ташаккуримни изҳор этаман”.

Муфтий Усмонхон Алимов 18 июн, душанба куни робита Таъсис мажлиси аъзолари билан бирга Мадинаи мунавварага бориб, Пайғамбаримизнинг муборак мақомларини зиёрат қилдилар. Сўнг яна Макка шаҳрига қайтиб, Робита Таъсис мажлиси аъзоси доктор Муҳаммад Рошид Қаббоний билан суҳбатлашдилар.

 

Абдулҳамид ТУРСУНОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво бўлими мудири